Ўзбекистон банки БМТнинг Глобал шартномаси ташаббусига қўшилди

ИҚТИСОДИЁТ 26.01.2024, 17:58
Ўзбекистон банки БМТнинг Глобал шартномаси ташаббусига қўшилди

“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ БМТнинг Глобал шартномаси ташаббусига қўшилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Глобал шартномаси (UN Global Compact) – халқаро ишбилармонлар ҳамжамияти ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, дунё бўйлаб барқарор ривожланиш соҳасидаги йирик ташаббус деб тан олинган ҳамда барча аъзо компанияларни барқарор ва ижтимоий масъулиятли фаолият юритишга ундаши билан аҳамиятлидир.

Глобал шартномага қўшилиш орқали “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ ўз фаолияти ва стратегиясини БМТ Глобал келишувининг инсон ва меҳнат ҳуқуқлари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда коррупцияга қарши кураш соҳаларида умумэътироф этилган 10 та тамойилига мувофиқлаштириш, БМТ Барқарор ривожланишнинг 17 та мақсадини амалга татбиқ қилишда, шунингдек, масъулиятли бизнес амалиётларини ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва ошкор этишда ташаббус кўрсатиш мажбуриятини олган.

“Бутун дунё бўйлаб барқарор ва масъулиятли бизнес амалиётларини тарғиб қилиш бўйича жамоавий саъй-ҳаракатларимизга қўшилишингиздан жуда хурсандмиз. Сизнинг иштирокингиз барқарор ва масъулиятли глобал бизнес ҳамжамиятини шакллантириш йўлидаги муҳим қадамдир”, дейилади ташкилотнинг расмий хабарида.

“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Глобал шартнома доирасидаги фаолиятида БМТ агентликлари, меҳнат гуруҳлари, хусусий секторни ривожлантириш корпорациялари ва  фуқаролик жамияти институтлари билан интеграция қилинади.

Ташкилот расмий сайтидаги “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБнинг саҳифасида банк ушбу ташаббуснинг тўлиқ иштирокчиси мақомини олганлиги ҳамда барқарорликни таъминлаш саъй-ҳаракатлари батафсил ёритилган.

Маълумот учун: UN Global Compact бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятидаги энг йирик корпоратив барқарорлик ташаббуси ҳисобланиб, 160 дан ортиқ мамлакатларда жойлашган 15 мингдан зиёд компания ва 4 мингга яқин нотижорат иштирокчиларни ўз ичига олади. Ташкилот аъзо компанияларнинг Барқарор тараққиёт мақсадлари йўлидаги ишларни қўллаб-қувватлашига катта инвестиция киритиб боради.

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1