АсосийDunyo

Қозоғистондаги портлашда икки нафар ўзбекистонлик ҳам жабрланди

'Қозоғистондаги портлашда икки нафар ўзбекистонлик ҳам жабрланди'ning rasmi

30 январь, душанба куни Қозоғистоннинг Қарағанда вилояти Бухар-Жирау туманидаги икки қаватли турар-жой биноларидан бирида газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган. Ҳудудий Фавқулодда вазиятлар бошқармаси жами 46 киши яшаб келган мазкур турар-жойда портлаш вақтида 35 киши бўлганини ва вайроналар тагидан 7 киши чиқариб олинганини маълум қилди.

Ҳодисада икки киши ҳалок бўлган. Қутқариб қолинганлар орасида 3 нафар вояга етмаган болалар бўлган.

Портлаш оқибатида бинонинг тахминан 300 кв.м майдони – деворлари, том ва шифт тўлиқ қулаб тушган.

Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси маълумотига кўра, портлашдан жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор ва улар оғир аҳволда касалхонага ётқизилган.

Жабрланганлар – 1989 йилда туғилган Р.Холдаровнинг танаси 80 фоиз, 1987 йилда туғилган Н.Ҳакимовнинг танаси 35 фоизи куйиш, шунингдек, бош миянинг ёпиқ шикастланиши, умуртқанинг ёпиқ синиши каби жароҳатларни олган.

Айни пайтда Элчихона ҳолатни назоратга олган ва Қарағанда вилояти полицияси ва Фавқулодда вазиятлар бўлимлари билан алоқа ўрнатган.

    Бошқа янгиликлар