24 январ куни Россия Федерациясининг Белгород вилоятида Россия ҳарбий-транспорт самолёти Ил-76 ҳалокатга учраган эди.
Бортида 74 киши бўлган самолёт Ғарбий Патриот зенит-ракета мажмуаси ёрдамида уриб туширилган. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага таяниб, “ТАСС” хабар бермоқда.
“Патриот ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимидан фойдаланилган бўлиши мумкин. Текширув давом этмоқда”, деган агентлик суҳбатдоши.
Самолёт бортида бўлган олти нафар экипаж аъзоси, 65 нафар украиналик ҳарбий хизматчи ва уларга ҳамроҳлик қилаётган уч нафар россиялик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган.
Украина президенти Владимир Зеленский аввалроқ Киев Россия ҳарбий-транспорт самолётининг Белгород яқинида қулаши бўйича халқаро тергов ўтказилишини талаб қилган эди.
Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси уриб туширилган Россия самолёти бортида ким бўлгани ҳақида ҳозирча ишончли маълумот йўқлигини маълум қилган.






