Ўзимиз ААА рейтингидаги тадбиркорларга ҚҚС суммасини 1 кун муддатда, текширувларсиз қайтариш бандини қўштирдик – Шерзод Кудбиев

ИҚТИСОДИЁТ 01.02.2024, 11:59
Ўзимиз ААА рейтингидаги тадбиркорларга ҚҚС суммасини 1 кун муддатда, текширувларсиз қайтариш бандини қўштирдик – Шерзод Кудбиев

Кеча, 31 январь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 январдаги “Тадбиркорлик субектларининг барқарорлик рейтингини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги PQ-39-сонли қарорининг мазмун-моҳиятини тадбиркорларга етказиш мақсадида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Унда Солиқ қўмитаси раиси Ш.Кудбиев, Савдо саноат палатаси раиси Д.Ваҳобов, Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Д.Қосимов иштирок этди.

Семинарда 400 га яқин тадбиркорлик субектлари ва ОАВ вакиллари қатнашди.

Семинарда Шерзод Кудбиев солиқ органлари интизомли тадбиркорларни рағбатлантиришга эътибор қаратди. 

"Охирги 3 йил давомида биз IТ-тузилмамизни ривожлантиришда тадбиркор бирон талабга жавоб бермаса ёки муайян шартларни бажармаса, унга нисбатан жазо чоралари қўлланиладиган йўналишни белгилаб олгандик.

Энди дунёқарашимизни ўзгартириш йўлидаги биринчи қадам – барқарорлик рейтингини жорий этиш ва тадбиркорларни рағбатлантириш", деди Солиқ қўмитаси раиси.

Бундан ташқари тадбирда Ўзбекистонда 2024 йил 1 февралдан тадбиркорлар рейтинги жорий этилиши айтилди.  

Юқори рейтингга эга тадбиркорлар рағбатлантирилади. Бунда рейтинги паст корхоналарга нисбатан жазо чоралари қўллаш назарда тутилмаган.  

Агар тадбиркор “ААА” тоифадаги рейтингга эга бўлса:  

  • ️солиқ органлари томонидан текширишлар ўтказилмайди;
  • ️ҚҚСдан ҳосил бўлган солиқ суммаси бир кунда қайтарилади (амалдаги муддат 7 кундан 30 кунгача);
  • ️ҚҚСдан бошқа солиқ турлари бўйича ҳосил бўлган ортиқча солиқлар суммалари уч кунда қайтариб бериш (амалда 10 кундан 15 кунгача) юзасидан қўшимча преференсиялар берилади.

Яна бир рағбатлантириш – солиқ ва божхона органларида товарларни импорт қилишда вақтида тўланган солиқларни ҳисобга олиш тизими жорий қилиняпти.  

Бунгача бу фақат йирик солиқ тўловчилар ҳамда 20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис дастури доирасида сертификат олган корхоналар учун амал қилар эди.

Энди рейтинги юқори бўлган тадбиркорлик субектларига ҳам мазкур тартиб татбиқ этилади.  

Рейтингнинг асосий мақсади – тадбиркорларни ихтиёрий равишда қонунчиликда белгиланган меъёрлар бўйича мажбуриятларни ўз вақтида бажаришига ундашдир.

"Ўзимиз ААА рейтингидаги тадбиркорларга ҚҚС суммасини 1 кун муддатда, текширувларсиз қайтариш бандини қўштирдик", деди Шерзод Кудбиев.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1