1

Туғма карликни даволаш бўйича оламшумул натижага эришилди

САЛОМАТЛИК 06.02.2024, 11:36
Туғма карликни даволаш бўйича оламшумул натижага эришилди

Туғма карлик нуқсони билан дунёга келган 5 нафар бола энди сўз ва товушларни ҳеч қандай эшитиш мосламаларисиз тинглаб, талаффуз қила олади. Бу оламшумул воқелик генетика муҳандислигининг ирсий касалликлар устидан ғалабаси, деб баҳоланмоқда, дея хабар қилмоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати.

Мазкур ноёб муолажа усули муаллифлари — АҚШнинг Гарвард тиббиёт мактаби ва Хитойнинг Фудань университети олимлари. "Синхуа" агентлиги хабарига кўра, ушбу инқилобий натижага шанхайлик тадқиқотчилар томонидан яратилган RRG-003 ген препарати туфайли эришилган.  

Клиник синовлар мактабгача таълим ёшидаги 6 нафар туғма карлик нуқсони бор болада ўтказилди. Бунинг учун янги препарат қулоққа инъекция орқали юборилди. Маълум муддат ўтгач, олти бемордан беш нафарида эшитиш ҳамда нутқ функциялари тикланди.  

Олимлар олти ойдан кўпроқ вақт давомида барча болалар аҳволи ва саломатлигини кузатиб боришди. Ижобий хулосага келингач, тадқиқот натижалари кенг жамоатчиликка маълум қилинди.

Уларнинг қайд этишича, яратилган дори қулоққа киритилиши биланоқ эшитиш қобилияти бир зумда тикланиб қолмайди. Муолажанинг яққол натижалари инъекциядан тўрт ҳафта ўтиб сезила бошлайди.  

Аввал жониворлар, сўнг инсонларда ўтказилган синовлар муваффақиятли кечганига қарамай, мутахассислар янги даволаш усулини дунё бўйлаб оммавий қўллаш учун ҳали бироз эрта, деган хулосада.  

Чунки ген терапиясининг хавфсизлиги ва самарадорлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилиш учун яна айрим қўшимча тадқиқот ҳамда кузатувларга эҳтиёж бор. Шу боис у дастлабки босқичда бир неча мамлакатдагина тиббий амалиётга татбиқ этилиши мумкин.  

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда дунё бўйича 26 миллион киши туғма карликдан азият чекмоқда. Бундай ташхис қўйилган болалар мияси нормал ривожлана олмайди. Ҳозиргача мазкур нуқсонни бартараф этишда кохлеар имплантларидан бошқа самарали даволаш усули мавжуд эмас. Янги кашфиёт натижаларини эса вақт кўрсатади.

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1