Бундан бир йил аввал феврал ойи “Аср фожиаси” деб ном олган Туркияда содир бўлган 7 магнитудадан юқори кўрсаткичдаги зилзилалар билан ёдда қолди. Туркия ва Сурияда содир бўлган даҳшатли зилзила минглаб инсонлар ҳаётига зомин бўлган, кўплаб уй-жойлар вайронага айланган.

Бир йилдирки, Туркия халқи оғир шароитдан чиқиб кетиш, йиқилган биноларни тиклаш, жабрланган фуқароларга моддий, маънавий кўмак бериш мақсадида мислсиз ишларни амалга оширмоқда.
Туркия Президенти ҳузуридаги Коммуникациялар бошқармаси жорий йил 9-12 февраль кунлари Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ҳамда Шимолий Кипр давлатларида оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат делегациялар учун Туркиянинг Қаҳрамонмараш, Адияман ва Малатя вилоятларига пресс-тур уюштирди. Унда darakchi.uz мухбири Покиза Идрисхон ҳам иштирок этди.

Режага кўра, иштирокчилар мамлакатнинг зилзиладан энг кўп жабр кўрган уч ҳудуди — Қаҳраманмараш, Адияман ҳамда Малатя вилоятларида бўлиб, зилзиладан сўнг ўтган бир йил давомида ҳудудларда бажарилган ишлар билан танишди.
Пресс-тур доирасида дастлаб республиканинг Қаҳраманмараш вилоятига 9 февраль куни етиб борган журналистлар вилоят хокими Мукаррам Унлуэр билан учрашиб, зилзиладан энг кўп зарар кўрган вилоятдаги уйларни тиклаш ва аҳолига кўрсатилаётган ёрдамлар борасида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

—Қаҳрамонмарашда ўша таҳликали кунда иккита — 7,7 ва 7,6 балли кучли зилзила рўй берган. Вилоятда салкам 54 минг бино вайрон бўлди. Биноларнинг 94 фоиздан ортиғини тиклашга эришиш арафасидамиз. Афсуски, вилоятда вафот этганлар сони жуда кўп. Уларнинг оиласига ва фалокатдан зарар кўрганларга давлатимиз томонидан 983 миллиард лира миқдорида компенсация тўлаб берилди. Вилоятда уйсиз қолганлар учун 200 мингта металл каркасли контейнер ва 165 мингдан зиёд чодирлар ўрнатилди. 138 390 ватандошимиз айни пайтда контейнерларда яшамоқда. Аҳоли зарур инфратузилма, озиқ-овқат, тоза ичимлик суви билан таъминланди. Яқинларини йўқотган, талофат натижасида руҳий қўрқув таъсирга тушганлар билан экспертлар, психологлар, дин вакиллари иш олиб боришган, — дейди вилоят хокими Мукеррем Унлиэр.

Журналистлар янги бунёд этилган квартиралар ва вақтинча тайёрланган контейнерларни бориб кўришди, уларда истиқомат қилаётган аҳоли билан мулоқотда бўлишди.
Қаҳрамонмараш вилоятида аҳолига кўп қаватли уй қуриб бериш билан шуғулланаётган TOKI ташкилоти вакилларининг билдиришича, 20 та хонадондан иборат 5 қаватли битта уйни барпо этиш учун 66 минг доллар сарфланмоқда. Шунингдек, ушбу кўп қаватли уй, атрофидаги болалар ўйингоҳи, яшил ҳудуднинг барпо этилишига 10 ой кетган.

Уйлари битмаган аҳоли учун Қаҳрамонмарашда мана шундай контейнерлар қурилган. Бу ҳудудда ҳамма шароитлар етарли: мактаб, боғча, кутубхона, спорт майдончалари ва бошқа қулайликлар яратилган.

Қаҳрамонмарашдаги янги қурилган уйлар. Қаҳрамонмараш табиий офатдан кескин зарар кўрган бўлсада, Туркия ҳукумати томонидан жуда тез тикланмоқда. Айни дамда зилзила натижасида уй-жойидан айрилганлар учун 8600 та хонадон мингга яқин турар-жойлар қурилди ва шахсан Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған томонидан тантанали топширилди.
Йил охирига қадар эса яна 21 600 та хонадон топшириш режалаштирилган.

Тошкент-Қаҳраманмараш-Адияман-Малатя-Тошкент





