1

Холид Саидга тегишли “Девону луғотит турк” таржимаси топилди

МАДАНИЯТ 08.03.2024, 12:14
Холид Саидга тегишли “Девону луғотит турк” таржимаси топилди

 Буюк мутафаккир, туркшунос олим Маҳмуд Кошғарий (1028-1101) қаламига мансуб “Девону луғотит турк” асари туркий халқлар тарихи, тили ва анъаналарини ўрганишда энг йирик манбаладан бири ҳисобланади. Айни пайтга қадар араб тилида битилган бу асар дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган. 

Ана шу таржималардан бири ўтган асрнинг йигирманчи йилларида атоқли ўзбек адиби ва олими Холид Саид (Холхўжа Саидхўжаев) қаламига мансуб эди. Холид Саид 1888 йилда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани ҳудудидаги Қўшқўрғон қишлоғида туғилган. Бир муддат Туркистон ўлкаси Ер тақсимоти идораларида ишлаган, сўнг Истанбул Университетида  таҳсил олган. 1918 йилда у Озарбойжонга келиб,  Ганжа шаҳар гимназиясида муаллимлик қила бошлаган. 1922 йилдан Балахани туман халқ таълими бўлимида, кейинчалик ўрта ва олий мактабларда муаллимлик қилган.  Тифлис, Табриз ва Бокуда нашр этилган "Мулла Насриддин" журналида ўз мақолалари билан иштирок этиб келган. “Туркий тиллар тарихий грамматикаси", "Туркистон тарихининг қисқача ижмоли", "Турк адабиёти назарияси", "Чиғатой адабиётидан мулоҳазалар", "Усмонли, ўзбек, қозоқ лаҳжаларининг қиёсий грамматикаси" ва бошқа асарларни яратган. Ўрхун-Энасой битикларини ўгириб, унга шарҳлар битган. Махмуд Қошғарийнинг "Девони луғотит турк" асарини араб тилидан,  Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" романини ўзбек тилидан озарбойжон тилига таржима қилган. 

 Ўтган асрнинг 30 йилларида Ўзбекистонда бошланган қаттол қатағон сиёсати Озарбойжонда ҳам ўзининг қора кўланкасини ташлаб улгурган эди. Академик Зиё Бунёдовнинг қайд этишича, Холид Саиднинг 1937 йилнинг 3 июнида хибсга олиган. Уни аксилилинқилобий, пантуркистик тарғибот-ташвиқот ишларида, Туркия фойдасига жосусликда  айблашган. Холид Саид суд ҳукми билан 1937 йилнинг 12 октябрида Боку атрофларида отиб ташланган. 

 Шу пайтга қадар Холид Саид таржимасидаги “Девону луғотит турк” асари йўқолган деб ҳисобланарди. Яқинда Озарбайжон Фанлар академияси Имодуддин Насимий номидаги Тилшунослик институти архивидан мазкур таржиманинг қўлёзмаси топилди. Айни кунларда Озарбайжонда ушбу қўлёзманинг биринчи жилди босилиб чиқди. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1