1

Хавфли касалликка қарши глобал тавсиялар эълон қилинди

ДУНЁ 08.04.2024, 22:28
Хавфли касалликка қарши глобал тавсиялар эълон қилинди

2040 йилга бориб, дунёда простата бези саратони билан касалланиш кўрсаткичи 2 баравар, хасталикдан ўлим статистикаси эса 85 фоиз (йилига қарийб 700 мингта)га кўпайиши мумкин. Ушбу ўсиш тенденциясидан асосан паст ва ўрта даромадли мамлакатлар аҳолиси азият чекиши тахмин қилиняпти, дея хабар бермоқда zamon.uz.

Буюк Британиянинг нуфузли “The Lancet” тиббий журналида эълон қилинган ҳисобот айни шу мавзуга бағишланди. Ундан бир гуруҳ халқаро тадқиқотчиларнинг таҳлил ва прогнозлари билан бирга, простата бези саратонига қарши курашиш бўйича глобал тавсиялар ҳам ўрин олган.

Ҳисоботда қайд этилишича, юқори хавф гуруҳига мансуб одамлар ўртасида эрта скрининг қамровини кенгайтириш — энг самарали чора. Бунга эришиш учун иш ва жамоат жойлари, савдо марказлари ҳамда саломатлик ярмаркаларида кўчма лабораториялар орқали ихтиёрий тиббий тест топширишни йўлга қўйиш таклиф қилинмоқда.

Бу йўл билан саратонни эрта босқичда аниқлаш баробарида, уни самарали даволашга эришиш мумкин. Мазкур жараёнда асосий эътибор ёш эркакларга қаратилиши мақсадга мувофиқ.

Чунки простата бези саратони секинлик билан ривожланиб, яққол белгилари кеч босқичда намоён бўлади. Бироқ кексаларда уни даволаш оғир асоратларни келтириб чиқариши ва ҳатто ўлимга олиб келиши хавфи юқори.

Шунингдек, ҳисоботда аҳолининг хасталикка доир хабардорлигини ошириш муҳимлиги келтирилган. Бунда мобиль иловалар, ижтимоий тармоқлар ва ОАВ имкониятларидан кенг фойдаланиш кутилган натижаларни бериши, шубҳасиз.

Бундан ташқари, касалликка эрта ташхис қўйиш учун диагностика жараёнига сунъий интеллектни татбиқ этиш устида ишлаш керак. Қолаверса, паст ва ўрта даромадли мамлакатларда жарроҳлар ҳамда радиотерапия ускуналари тақчиллигини бартараф этиш эътибор марказида бўлиши зарур.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1