Исроилнинг юқори мартабали амалдорларидан бири Эроннинг ҳужумига “мисли кўрилмаган жавоб” берилишини ваъда қилмоқда. Бу ҳақда Channel 12 телеканали хабар бермоқда.
Шу билан бирга, Тimes of Israel газетасининг Исроил маданият вазири Мики Зоҳарнинг сўзларидан иқтибос келтиришича , "ушбу ҳужум Исроилга ўз жавоб зарбаларини бошлаш ҳуқуқини беради".
Исроил мудофаа вазири Йоав Галант АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин билан Эроннинг Исроилга ҳужуми сабабли телефон мулоқоти ўтказди.
Исроилнинг БМТдаги доимий вакили халқаро ташкилотни Эроннинг ҳужумларига эътибор қаратишга чақирди.
"Эрон БМТ Низомини бузди, глобал тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солаётганини кўрсатди. Овозингиз қаерда? Сизнинг муносабатингиз қани? Уйғониш вақти келди!", деб ёзди Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Гилад Эрдан ўзининг Х тармоғидаги саҳифасида.
Кўп ўтмай, БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг баёнот берди. Гутерриш ўз баёнотида Эроннинг Исроилга ҳужумини қоралашини ва уни зудлик билан тўхтатишга чақиришини билдирди.
"На Яқин Шарқ минтақаси, на дунё яна бир уруш бўлишини хоҳламайди", дейилади БМТ бош котиби баёнотида.
Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши Эроннинг Исроилга ҳужуми муносабати билан 14 апрел куни шошилинч йиғилиш ўтказилишини белгилади.
Эроннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий миссияси БМТ бoш котибига мактуб йўллади.
Теҳронга кўра, БМТ Хавфсизлик Кенгаши тинчликни сақлаш бўйича ўз масъулиятини бажармаган ва Исроилга халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойилларини бузишга рухсат берган.
"Эрон минтақада кескинлик ёки можарога интилмаяпти, бироқ Исроил ҳарбий тажовуз қилган тақдирда Теҳрон янада кучлироқ ва қатъийроқ жавоб қайтаради", дейилади Эрон доимий ваколатхонасининг БМТ бош котибига йўллаган мактубида.






