Испаниянинг йирик шаҳарларидан бири - Барселонада “Ўзбекистонда Президент сайлови” мавзусига бағишланган конференция бўлиб ўтди. Тадбир мамлакатимизнинг Мадриддаги элчихонаси, Испания Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Осиё билан маданий алоқалар институти (Cаса Асиа) ҳамда Барселона Халқаро муносабатлар маркази (CИДОБ) ҳамкорлигида ташкил этилди.
Анжуманда мамлакатимизнинг сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш, сайлов тизимини такомиллаштириш, сиёсий партияларнинг ролини мустаҳкамлаш ва олдинда турган Президент сайлови муносабати билан сайлов кампаниясини ўтказиш борасидаги тажрибалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг сайлов жараёнида шаффофликни таъминлаш борасидаги фаолиятига, шу жумладан, кўпгина хорижий мамлакатлар ва нуфузли ташкилотлардан халқаро кузатувчиларнинг таклиф этилганлиги масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Анжуман чоғида унинг иштирокчилари Ўзбекистоннинг бугунги ҳаёти, хусусан, жамиятни ҳар томонлама модернизация қилиш жараёнларида ёш авлоднинг тутган ўрни ва бошқа масалалар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.
Музокаралар якунида тадбир қатнашчилари “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбирига Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Президент сайлови юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.