АсосийJamiyat

Тошкент вилоятида бемор тез ёрдам шифокорининг жағига мушт туширди

'Тошкент вилоятида бемор тез ёрдам шифокорининг жағига мушт туширди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда Тошкент тумани тез тиббий хизмат бўлими ходими калтакланганлиги ҳақида хабар тарқалди. Чақирув етиб борган шифокор беморга касаллик тарихи юзасидан бир неча саволлар берган. Бемор эса "Савол бергунча мени даволасанг-чи", дея шифокорни калтаклай кетган.  

Туман ҳокимлигининг маълум қилишича, ҳолат 1 июнь куни соат 16:35 да Тошкент тумани Дилкаш кўчасидаги уйда содир бўлган. 26 ёшли Ж.О.дан бош оғриғи шикояти билан мурожаат келиб тушган. Шифокор Т.Р. ва фелдшер Н.Ў.дан иборат бригада манзилга соат 16:45 да етиб борган.

Бемор шифокорга бош оғриғи, безовталик, умумий ҳолсизлик шикоятлари борлигини ва буйрак касаллиги бўйича даволанаётганини айтган. Шифокор бирламчи текширув ўтказиб, бемордаги оғриқни қолдириш учун фелдшерга оғриқ қолдирувчи дори воситасини шприцга тортишини сўраган.

Шифокор беморга қўшимча касалликлари бўйича саволлар бераётган вақтда, бемор шифокорга қараб “сен кимсан, ишингни тезроқ қил” дея ҳақоратлаб, ўрнидан туриб, тўсатдан шифокорнинг юзига мушт туширган. Шифокорнинг лаби ҳамда пастки жағ соҳасидан қон кетишни бошлаган ва бир оз вақтга карахтлик ҳолати кузатилган. Ҳолат бўйича ҳудуд профилактика инспекторига хабар берилган.

Шифокор бошқа бригада билан ТТА-3 Юз-жағ жарроҳлиги бўлимига олиб келинган. Жароҳат жойи тикилиб, қон оқиши тўхтатилган. Шифокор ишини давом эттириш мақсадида иш жойига қайтган.

Бир оз вақтдан сўнг, шифокорда бош оғриғи, бош айланиши, кўнгил айниши, умумий ҳолсизлик кузатилган ва зудлик билан ТТА-2 клиникасига госпитализация қилинган. ТТА-2 Нейрохирургия бўлимига соат 23:45 да “Бош мия ёпиқ жароҳати. Бош мия чайқалиши. Ўнг томон пастки лаб соҳасида тикилган жароҳат. Ўнг пастки жағда юмшоқ тўқималар лат ейиши” ташхиси билан ётқизилган.

 

    Бошқа янгиликлар