Хоразм вилоятидаги мактабгача ва мактаб таълими, олий таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларидаги давлат буюртмачилари томонидан 2023-йилда “cooperation.uz” ахборот портали орқали 75 та ҳолатда 13 млрд сўмлик 749 та компьютер техникаларини харид қилишда қонунчилик талабларига риоя қилиниши ҳолати ўрганилди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар қилмоқда.
Ўрганиш жараёнида мазкур давлат харидлари “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги 833-қарори билан тасдиқланган Низом талабларига зид равишда ўтказилганлиги ҳамда компьютер техникалари бозор нархларидан 4,03 млрд сўмга қимматроқ харид қилинганлиги аниқланди.
Ўрганиш якунлари бўйича тўпланган ҳужжатларга асосан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Хоразм вилоят бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






