АсосийЖАМИЯТ

Фарғонада учта боғча тарбияланувчилари овқатдан заҳарланиш аломатлари билан шифохонага мурожаат қилди

Ҳозирча болаларда заҳарланиш аломатлари кузатилишига нима сабаб бўлгани лаборатория текширувлари якунлари асосида аниқлаштирилади.

'Фарғонада учта боғча тарбияланувчилари овқатдан заҳарланиш аломатлари билан шифохонага мурожаат қилди'ning rasmi

Фарғона шаҳридаги 2-, 7- ва 47-сонли мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болаларда овқатдан заҳарланиш аломатлари кузатилди. Бу ҳақда Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси хабар берди.

Маълум қилинишича, болалар тана ҳароратининг кўтарилиши, қорин оғриғи, ҳолсизлик, кўнгил айниши ва ич кетишидан шикоят қилган. Ҳолат юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари бошланган.

Текширув доирасида болалар истеъмол қилган озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, нонушта, тушлик ва кечки тамадди учун тайёрланган таомлар ўрганилмоқда. Шунингдек, маҳсулотларни етказиб берувчилар ҳам аниқланган.

Лаборатория текширувлари учун озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр таомлардан бактериологик таҳлил намуналари олинган. Айни вақтда эпидемиологик суриштирув ва лаборатория текширувлари давом этмоқда.

Қўмита маълумотига кўра, 26 октябрь соат 11:00 ҳолатида шифохонада даволанаётган болаларнинг аҳволи барқарор. Оғир аҳволдаги беморлар йўқ.

Шифохонага мурожаат қилган яна 23 нафар боланинг аҳволи қониқарли деб баҳоланган. Уларга тиббий тавсиялар берилгач, уй шароитида даволанишга рухсат этилган.

Ҳозирча болаларда заҳарланиш аломатлари кузатилишига нима сабаб бўлгани лаборатория текширувлари якунлари асосида аниқлаштирилади.

    Бошқа янгиликлар