АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистоннинг “INSON” марказлари халқаро мукофотни қўлга киритди

Агентлик вакилларининг таъкидлашича, лойиҳаларнинг халқаро миқёсда эътироф этилиши аҳолига кўрсатиладиган ижтимоий хизматларни янада қулай, замонавий ва инклюзив қилиш йўлидаги ишларни давом эттиришга туртки беради.

'Ўзбекистоннинг “INSON” марказлари халқаро мукофотни қўлга киритди'ning rasmi

Ўзбекистон Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг “INSON” марказлари ва маҳаллалардаги ижтимоий ходимлар тизими “AI4DOST Social Award 2026” халқаро танловида ғолиб деб топилди. Агентликнинг яна учта лойиҳаси финалчилар қаторига кирди.

Маълум қилинишича, тақдирлаш маросими Озарбайжоннинг Хонканди шаҳрида ўтказилган “SOCGOV 2026 — Ақлли бошқарув учун рақамли таҳлил” халқаро форуми доирасида бўлиб ўтди. Танловда турли давлатлардан тақдим этилган 84 та лойиҳадан 20 таси финалга йўл олган, шундан 7 таси ғолиб деб топилган.

“Минтақавий ижтимоий ташаббус” номинациясида “INSON марказлари ва маҳалладаги ижтимоий ходимлар тизими: маҳалла билан интеграциялашган ақлли тизим” лойиҳаси ғолиб бўлди.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 208 та “INSON” маркази фаолият юритмоқда. Улар аҳолига 100 дан ортиқ турдаги хизматларни кўрсатади. Ушбу хизматларнинг 80 фоиздан ортиғи рақамлаштирилган.

Шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг яна учта лойиҳаси финалчи сертификатларига сазовор бўлди. Булар:

— “IMKON: Ҳар бир болага эшикларни очамиз” — “Минтақавий ижтимоий ташаббус” номинациясида;

— “Ёрдамчи технологиялар учун ақлли ваучер экотизими” — “Ижтимоий соҳада сунъий интеллектга асосланган рақамли ечимлар” номинациясида;

— Агентлик ҳузуридаги Халқаро инклюзив хабнинг “Тўсиқсиз касблар” лойиҳаси — “Минтақавий ижтимоий ташаббус” номинациясида.

    Бошқа янгиликлар