1

“Мурожаатдан – даромадга” лойиҳаси доирасида 115 нафар хотин-қизлар ишли бўлди

ЖАМИЯТ 11.06.2024, 17:06
“Мурожаатдан – даромадга” лойиҳаси доирасида 115 нафар хотин-қизлар ишли бўлди

Президент Халқ қабулхонасининг “Мурожаатдан – даромадга” лойиҳаси Бухоро вилояти Шофиркон туманида катта фестивалга айланди. Эрта тонгдан туман марказида ўтказилган соғлом ҳаёт учун “5000 қадам” юриш марафони Ёшлар боғидаги турли кўргазмалар-у китобхонлик анжуманига, ёш рассомлар учун маҳорат дарслари-ю ҳарбий-ватанпарварлик дастурларига, спорт мусобақалари-ю аҳоли даромадини ошириш йўлидаги эзгу амалларга уланиб кетди. Буларнинг барчаси ўзаро уйғунликда вилоятни камбағаллик, ишсизлик ва жиноятдан холи ҳудудга айлантириш борасидаги “Бухоро тажрибаси”ни яратишга хизмат қилади.

Бу жараёнда  Президент маслаҳатчиси ўринбосари – Халқ қабулхонаси раҳбари Улуғбек Муҳаммадиев бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи томонидан моддий ёрдам масаласида мурожаат қилган шофирконлик 115 нафар хотин-қизга сектор раҳбарлари билан бирга субсидия ҳисобидан ўн турга яқин иш анжомлари топширилди. Тикув машиналари, сут, гўшт ва сабзавотларни қайта ишлаш ускуналари олиб берилган ҳар бир мурожаатчи ўз ҳудудида шу йўналишдаги лидер тадбиркорларга бириктирилди. Бу эса аҳоли даромадини ошириш, бу борадаги мурожаатларга самарали ечим топишнинг яна бир халқчил механизмидир.

Масалан, “Қалмақон” маҳалласида яшовчи тадбиркор Ойниса Шарипова ҳам бугун Моҳира Икромова каби субсидияга ускуна олиб иш бошлаган тўрт нафар маҳалладоши билан кооперация ташкил қилди. Тўрт аёл ўз уйида ярим тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарса, тадбиркор уларни сотиб олиб, истеъмолчиларга етказиб беради. Бундан эса барча бирдек манфаатдор.

Ёки Денов маҳалласида яшовчи Нодира Каримова ҳам бугун маҳалласидаги тадбиркор билан бирикиб, субсидияга олинган сепараторда сутни қайта ишлаб, қаймоқ, сариёғ олишни бошлади. Бу билан оила бюджети учун яна бир даромад манбаи яратилди.

Туман марказидаги Ёшлар боғи анчагача гавжум бўлди. Меҳнат ярмаркалари, касб-ҳунар ўрганиш, олий таълим, соғлом овқатланиш каби йўналишлардаги кўргазмаларда аҳолининг барча қатлами, айниқса, ишсиз хотин-қизлар меҳнат қилиб, жамиятнинг фаол аъзосига айланиши учун кенг миқёсда маълумотлар, маслаҳат ва кўмак олиш имконига эга бўлди. Бухоро шаҳридан келган тажрибали шифокорлар 470 нафардан зиёд аҳолини тиббий кўрикдан ўтказди. 

“Бухоро тажрибаси” – садоқат намунаси” тамойилиасосидаги бундай тадбирлар вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам ташкил этиляпти.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1