АсосийЖАМИЯТ

Тошкентда 500 кВли янги подстанция ишга туширилди: Тошкент ИЭСда мазут ёқишга эҳтиёж қолмайди

Мазкур подстанция Ўзбекистондаги энг йирик ва замонавий юқори кучланишли электр объектларидан бири ҳисобланади.

'Тошкентда 500 кВли янги подстанция ишга туширилди: Тошкент ИЭСда мазут ёқишга эҳтиёж қолмайди'ning rasmi

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг бир қисмида электр таъминоти барқарорлигини ошириш ҳамда экологик вазиятни яхшилашга қаратилган йирик лойиҳа амалга оширилди. 7 ноябрь куни қуввати 1602 МВА бўлган 500 кВли “Ҳалқа” подстанциясига кучланиш берилди. Бу ҳақда энергетика соҳаси мутасаддилари хабар берди.

Мазкур подстанция Ўзбекистондаги энг йирик ва замонавий юқори кучланишли электр объектларидан бири ҳисобланади. Унинг ишга туширилиши пойтахт ва Тошкент вилоятининг бир қисмида электр таъминоти ишончлилигини ошириш, шунингдек, мавжуд электр тармоқларига тушаётган юкламани мақбул тақсимлаш имконини беради.

Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, янги подстанция ишга туширилиши натижасида Тошкент шаҳри ва вилоятнинг бир қисмидаги электр юкламалари қайта тақсимланади. Бу эса Тошкент иссиқлик электр станциясига тушадиган юкламани камайтиради. Натижада станцияда мазут ёқилғисидан фойдаланишга эҳтиёж қолмайди.

Шу тариқа, “Ҳалқа” подстанциясининг ишга туширилиши нафақат электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш, балки пойтахт ва унга туташ ҳудудларда экологик вазиятни яхшилашга ҳам хизмат қилади. Хусусан, атмосферага чиқариладиган ифлослантирувчи моддалар миқдорини камайтириш имконияти яратилади.

Маълум қилинишича, лойиҳанинг умумий қиймати 171,4 миллион АҚШ долларини ташкил этади. У Жаҳон банки иштирокида амалга оширилган.

Лойиҳа доирасида 1602 МВА қувватли “Ҳалқа” подстанцияси билан бирга 220 кВли 213 километр ва 500 кВли 72 километрлик электр узатиш тармоқлари ҳам қурилган. Янги юқори кучланишли тармоқларнинг умумий узунлиги 285 километрни ташкил этади.

Мазкур инфратузилма мамлакат ягона энергетика тизимининг электр узатиш имкониятларини кенгайтириш, энергия оқимларини самарали тақсимлаш ва ортиб бораётган истеъмол талабини ишончли қондиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Айни пайтда янги объектларни Ўзбекистон ягона энергетика тизимига тўлиқ интеграция қилиш бўйича якуний ишлар давом эттирилмоқда.

    Бошқа янгиликлар