Тошкентда III Ўзбекистон — Россия медиафоруми бошланди. Унда икки мамлакат ўртасидаги гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, анъанавий қадриятларни тарғиб этишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ҳамда замонавий медиа маконидаги долзарб масалалар муҳокама қилинади.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) ва Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган форумда давлат ҳокимияти органлари, етакчи оммавий ахборот воситалари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этмоқда.
Икки кун давом этадиган тадбирда рақамли трансформация шароитида Ўзбекистон ва Россия медиа ташкилотлари олдида турган вазифалар, ахборот соҳасидаги янги имкониятлар ҳамда ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинади. Бугунги ялпи мажлис икки мамлакатнинг медиа, коммуникация ва ахборот соҳаларидаги стратегик шериклигига бағишланади.
Шунингдек, форумда ҳужжатли ва бадиий фильмларни ҳамкорликда ишлаб чиқариш, турли мавзуларда қўшма медиалойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилади.
Медиафорум доирасида кибермаконда ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва болаларни интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя қилишга бағишланган семинар ҳам ташкил этилади. Бундан ташқари, интернетда тарқалаётган ёлғон ахборотлар ҳамда генератив сунъий интеллект ёрдамида яратилган контентнинг ҳаққонийлигини текшириш бўйича маҳорат дарслари ўтказилади.
Форум доирасида икки мамлакат вакиллари ўртасида қатор икки томонлама учрашув ва музокаралар ҳам ўтказилиши режалаштирилган.






