АсосийJinoyat
1645

Ўзбекистонда наркожиноят содир этган ёшлар сони йилдан йилга ўсиб бораётгани айтилди

'Ўзбекистонда наркожиноят содир этган ёшлар сони йилдан йилга ўсиб бораётгани айтилди'ning rasmi

Олий Мажлис Сенати қўмитаси ҳузурида ташкил этилган ишчи гуруҳ йиғилишида Ўзбекистонда ўсмирлар ва ёшлар ўртасида гиёҳвандлик ва психотроп моддалар истеъмолининг олдини олиш юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳолати муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, сўнгги уч йил (2021—2023 йиллар) мобайнида мазкур йўналишда 25 мингга яқин жиноят иши қўзғатилиб, 17 мингдан ортиқ шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Шундан 5 мингга яқини (30 фоиз) 30 ёшгача бўлган шахсларни ташкил этган.

Таҳлилларга кўра наркожиноят содир этган ёшларнинг сони йилдан йилга ўсиб бормоқда. Хусусан, 2021 йилда бундай жиноятлар содир қилганларнинг 23 фоизни ёшлар ташкил қилган бўлса, 2022 йилда 24,6 фоизга, 2023 йилда эса 31,2 фоизга етган.

Интернетда психотроп моддалар савдосига ихтисослашган 52 та ахборот ресурси аниқланган. Уларнинг 14 таси веб-сайтларни, 38 таси эса Telegram мессенжерини ташкил этган. Таъкидланишича, Telegram каналлари орқали 120 мингга яқин фойдаланувчи қамраб олинган.

Муҳокама жараёнида ишчи гуруҳ аъзолари томонидан гиёҳвандлик ва заҳарвандликка қарши курашиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш зарурлиги, хусусан, унда жавобгарлик масаласини қайта кўриб чиқиш лозимлиги қайд этилди ҳамда тегишли таклифлар ишлаб чиқилишига келишиб олинди, — дейилади хабарда.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар