Ўзбекистоннинг бир нечта ҳудудида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Улар орасида Қўқон шаҳрида гиёҳвандлик моддаси сотаётган она ва қиз ҳам бор. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ИИВ Тезкор-қидирув департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Божхона қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида бир қатор тезкор тадбирлар ўтказилган.
Дастлаб Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида 2004 йилда туғилган, шаҳар иссиқлик таъминоти ходими қўлга олинган. У трансмиллий жиноий уюшмада омборчи вазифасини бажарган. Йигит "Альфа-ПВП" синтетик гиёҳвандлик моддасини қабул қилиб олаётган вақтда ушланган. Ушбу моддани Тошкент вилояти ва пойтахтда "закладка" усулида тарқатишни режалаштиргани аниқланган.
Шунингдек, Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида ўтказилган тезкор тадбирда 1984 йилда туғилган, муқаддам бир нечта жиноятлар, жумладан, номусга тегиш, босқинчилик ва гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар учун судланган шахснинг хонадонидан гашиш ва героин топилган.
Суриштирувлар давомида у гиёҳвандлик воситаларини 1985 йилда туғилган фуқародан олгани маълум бўлган. Шундан сўнг, Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги "Чинор" йўл-патруль хизмати масканида ушбу шахс бошқарувидаги "Ласетти" автомобили тўхтатилиб текширилган. Автомобилнинг мотор қисмига яширилган 250 грамм гашиш аниқланган.
Фарғона вилоятида эса 2000 йилда туғилган икки нафар шахс 47 миллион сўмга гашиш сотиб олгани аниқланган. Улардан гиёҳвандлик моддаси олиб қўйилган.
Қўлга олинган шахслар гашишни 1998 йилда туғилган аёл ва унинг 1966 йилда туғилган онасидан сотиб олганини билдирган. Шундан сўнг Қўқон шаҳрида тезкор тадбир ўтказилиб, она ва қиз 500 грамм гашишни сотаётган вақтда ушланган. Тадбирлар давомида жами 1 килограмм гашиш процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси олтинчи қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






