Фарғона шаҳрида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти терговчиси пора олишда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, терговчи Жиноят кодексининг 167-моддаси билан қўзғатилган иш доирасидаги тергов ҳаракатларини айбланувчи фойдасига ҳал қилиш, етказилган зарар миқдорини камайтириш ва унга нисбатан эълон қилинган қидирувни бекор қилиш эвазига пора олганликда гумон қилинмоқда.
У ДХХ ходимлари томонидан Бош прокуратуранинг Шахсий хавфсизлик бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида ушланган.
Ҳолат юзасидан терговчига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






