Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида катта миқдордаги гиёҳвандлик моддалари аниқланди. Ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда Юнусобод туманида яшовчи, 1993 йилда туғилган шахс тўхтатилиб, холислар иштирокида текширилган.
Натижада унинг ёнидаги учта кичик идишдан жами 257 грамм гашиш мойи топилган. Кейинчалик унинг яшаш манзилида ўтказилган тадбир давомида соф оғирлиги 2 килограмм 831 грамм бўлган гашиш мойи ва электрон тарози ашёвий далил сифатида олинган.
Шунингдек, мазкур шахс интернет орқали фаолият юритувчи наркотиклар савдоси билан боғлиқ дўконда ишлагани аниқланган.
Фарғонада ҳам гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди
Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари вилоят Божхона бошқармаси ва Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирларда ҳам гиёҳвандлик моддалари билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган.
Жумладан, Фарғона туманида яшовчи, 1988 йилда туғилган шахс қўшни давлатдан контрабанда йўли билан олиб келинган 982 грамм гашиш моддасини шартли харидорга 10 минг 700 АҚШ долларига сотмоқчи бўлган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Бошқа ҳолатда эса Фарғона шаҳрида яшовчи, 1997 йилда туғилган фуқаро қўшни давлатдан контрабанда йўли билан олиб кирилиб, Фарғона туманидаги яширин жойга қолдирилган 956 грамм гашиш моддасини қабул қилиб олганидан кейин доимий яшаш манзилига қайтаётганида қўлга олинган.
Ҳозирда ҳар учала ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






