АсосийЖАМИЯТ

Наманганда 122,9 миллион сўмлик ҳужжатсиз дори воситалари аниқланди

Маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

'Наманганда 122,9 миллион сўмлик ҳужжатсиз дори воситалари аниқланди'ning rasmi

Наманган ва Тошкент вилоятларида тегишли ҳужжатларсиз дори воситаларини сотиш билан шуғулланган шахслар аниқланди. Ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, Наманган шаҳрининг «Ғишт кўприк» маҳалласида «А.» МЧЖ раҳбари томонидан тегишли лицензиясиз дорихона ташкил этилган.

Тезкор тадбир давомида ушбу дорихонада сифати ва келиб чиқишини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 425 турдаги 12 минг 844 қути дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар борлиги аниқланган. Уларнинг умумий қиймати 122,9 миллион сўмни ташкил этган.

Маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Шунга ўхшаш ҳолат Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида ҳам қайд этилган. Унда фуқаро Д.С. ва бошқалар ҳужжатлари бўлмаган хорижда ишлаб чиқарилган 1 700 дона «Аксигил» ҳамда 1 693 дона «Акса лево» номли дори воситаларини сотаётган вақтида ушланган.

Маълум бўлишича, жами 3 393 дона дори воситаси дорихоналар ва уларнинг филиалларидан ташқарида 51 миллион сўмга сотилган.

Ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 276-12-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилган. Айни вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар