АсосийЖАМИЯТ

Олот тумани ҳокими Наргиза Неъматова орден билан тақдирланди

Давлат раҳбари туман ҳокимининг ҳудудни комплекс ривожлантириш борасидаги фаолиятини алоҳида эътироф этди.

'Олот тумани ҳокими Наргиза Неъматова орден билан тақдирланди'ning rasmi

Бухоро вилояти Олот тумани ҳокими Наргиза Неъматова «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан мукофотланди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 4 ноябрь куни Бухоро вилояти иқтисодиётини ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилди.

Давлат раҳбари туман ҳокимининг ҳудудни комплекс ривожлантириш борасидаги фаолиятини алоҳида эътироф этди.

Қайд этилишича, Наргиза Неъматова давлат ва бошқарув идораларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўлидаги хизматлари учун мазкур орден билан тақдирланди.

Маълумот учун, Наргиза Неъматова 1964 йилда туғилган. Мутахассислиги бўйича врач-терапевт. 1991 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтининг кундузги бўлимини тамомлаган.

Меҳнат фаолияти давомида Олот тумани марказий касалхонасида кардиолог, туғруққа тайёрлаш бўлими мудири, терапевт ва бош врач лавозимларида ишлаган.

2004 йилдан халқ депутатлари Олот туман Кенгаши депутати бўлган. Шунингдек, туман ҳокими ўринбосари — туман хотин-қизлар қўмитаси раиси ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи лавозимларида фаолият юритган.

    Бошқа янгиликлар