Бугун Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовнинг Ўмонга ташрифи бошланади. Бу ҳақда "Дунё" АА хабар қилди.

Маскат шаҳрида ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Ўмон ташқи ишлар вазири Саййид Бадр бин Ҳамад ал-Бусайдий билан учрашди.

"Ҳамкасбим Ўмон ташқи ишлар вазири Саййид Бадр бин Ҳамад ал-Бусайдий жаноблари билан самимий учрашув ўтказдик, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг телеграм каналида. – Ўзбекистон ва Ўмон бой тарихий ва маданий мерос билан боғланган, фаровон тараққиёт йўлида муштарак қарашларга эга. Ўзбекистон ва Ўмон ташқи ишлар вазирликлари кенгайиб бораётган икки томонлама ҳамкорлигимизни янада бойитиш йўлида устувор йўналишларни, жумладан, савдо ва иқтисодиёт, "яшил" энергетика, ўзаро боғлиқлик, кадрлар салоҳиятини ошириш, халқ дипломатиясини илгари суриш масалалари ҳамда минтақавий ва глобал кун тартибини муҳокама қилдик. Дипломатик паспорт эгаларини виза талабларидан озод қилиш тўғрисидаги шартномани ҳам имзоладик".

"Ўмон савдо корхоналари гуруҳи раиси жаноб Саад Суҳаил Баҳван билан самарали учрашув ўтказдик. Ўзбекистон иқтисодиёти барча учун очиқ ва бутун дунё бизнесини ҳамкорликка чорлайди. Учрашувимиз давомида янги имкониятлар ҳамда компаниялари билан ҳамкорликда амалга ошириш мумкин бўлган бир қатор истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилдик.
"Oman Flour Mills" бош ижрочи директори жаноб Ҳайсам Ал Фанна билан биргаликда ишбилармонлар ўртасида яқинроқ алоқалар ўрнатиш учун яратилаётган имкониятларни кўриб чиқдик ", – дейилади хабарда.

Ўзбекистонда озиқ-овқат саноатида замонавий технологияларни жорий этиш ва қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш барқарор иқтисодий ўсиш йўлидаги асосий устувор йўналишлардандир.





