АсосийЖамият
211

Термиз аэропортидаги аэродром мажмуасини реконструкция қилиш ишлари тўлиқ якунланди

Аэродромда кенг фюзеляжли самолётларга чекловларсиз юриш имкони яратилди

'Термиз аэропортидаги аэродром мажмуасини реконструкция қилиш ишлари тўлиқ якунланди'ning rasmi

Термиз халқаро аэропортида аэродром мажмуасини реконструкция қилишнинг охирги, учинчи босқичи якунланди. Бу ҳақда Uzbekistan Airways хабар қилди. Жумладан, иккинчи юриш йўлаги (RD-А) ва асосий юриш йўлаги участкаси қурилиши якунланди. Ҳар бир юриш йўлагининг таянч қисми кенглиги 23 м, умумий эни эса 44 м бўлиб, бу Boeing787/777, Airbus 330 каби кенг фюзеляжли самолётларга чекловларсиз юриш имконини беради. Шунингдек, перронда учта самолётлар турар жойларини қуриш ва ёритиш мосламаларини ўрнатиш ишлари якунланди.

Реконструкция учун материал сифатида учиш-қўниш йўлаги каби цемент бетон ишлатилган. Бу Сурхондарё вилоятининг иссиқ иқлимида оптимал ечим бўлиб, учиш-қўниш йўлаги янада мустаҳкам ва бардошлироқ бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил охирида бошланган реконструкциянинг иккинчи босқичи 2022 йил декабрида якунланган эди. Шунда 4Е тоифали аэродром мажмуасининг катта қисми, жумладан, узунлиги 3000 метр ва эни 60 метр бўлган янги учиш-қўниш йўлаги, юриш йўлаклари ва учта самолёт турар жойи бўлган перрон қурилган, шунингдек, аеродром замонавий CAT-I ICAO ёритиш тизими, метеорологик ва радионавигация қўниш тизимлари билан жиҳозланган эди. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Термиз аеропорти аеродром мажмуасини охирги марта реконструкция қилиш 1989 йилда амалга оширилган.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар