АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда кино соҳасидаги 19 та ташкилот тугатилиши мумкин

Маданият вазирлиги муассислигида “Ўзбекфильм” миллий кинокомпаниясини ташкил этиш ва уни кино маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасидаги асосий ташкилот этиб белгилаш кўзда тутилган.

'Ўзбекистонда кино соҳасидаги 19 та ташкилот тугатилиши мумкин'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев кино соҳасидаги бошқарув тизимини ислоҳ қилиш ва “Ўзбекфильм” миллий кино брендини яратишга қаратилган таклифлар билан танишди. Унга кўра, Кинематография агентлиги, унинг тизимидаги 19 та ташкилот ҳамда Кинематография жамғармасини тугатиш ва уларнинг ваколатларини Маданият вазирлигига ўтказиш таклиф этилмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда кино соҳасини ривожлантиришга эътибор кучайди. Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳажми оширилиб, хусусий киностудиялар фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, тарихий шахслар ва миллий ўзликни англашга қаратилган фильмлар суратга олинди, замонавий кинопавильонлар ташкил этилди ҳамда хорижий давлатлар билан йирик лойиҳалар амалга оширилди.

Бироқ Президент соҳада амалга оширилган ишларга қарамай, қатор муаммолар сақланиб қолаётганини таъкидлади.

Хусусан, буюк ўзбек режиссёрлари асос солган чуқур психологик ва фалсафий мазмунга эга миллий кино мактаби сусайгани, юзаки сюжетли фильмлар кўпайгани ва сифатли сценарийлар етишмаётгани қайд этилди. Шунингдек, операторлик, овоз режиссёрлиги ва монтаж соҳаларида авлодлар ўртасидаги узилиш юзага келгани кўрсатиб ўтилди.

Ўрганишлар ишлаб чиқарилиши белгиланган 181 та лойиҳада ҳам бир қатор камчиликлар борлигини кўрсатган. Жумладан, фильмларда мавзу ва даврларнинг такрорланиши, айрим ижодкорларнинг бир вақтнинг ўзида бир нечта лойиҳада иштирок этиши, шунингдек, баъзи студия ва ижодий гуруҳларда тажриба етишмаслиги аниқланган.

Бундан ташқари, Кинематография агентлиги фаолияти самарадорлиги фильмларнинг оммабоплиги ва томошабинлар эътирофи билан эмас, асосан тасдиқланган режаларнинг бажарилиши билан баҳоланаётгани танқид қилинди. Кино маҳсулотларини маркетинг қилиш, тарқатиш ва халқаро бозорга олиб чиқиш бўйича ҳам самарали тизим шаклланмаган.

Тақдимотда кино соҳасида замонавий бошқарув усулларини жорий этиш мақсадида бир қатор таклифлар билдирилди. Жумладан, Кинематография агентлиги, унинг тизимидаги 19 та ташкилот ва Кинематография жамғармасини тугатиш, уларнинг ваколатларини Маданият вазирлигига ўтказиш таклиф этилди. Бўшайдиган биноларни аукцион орқали сотиш ҳам режалаштирилмоқда.

Маданият вазирлиги муассислигида “Ўзбекфильм” миллий кинокомпаниясини ташкил этиш ва уни кино маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасидаги асосий ташкилот этиб белгилаш кўзда тутилган.

Шунингдек, кино маҳсулотларини ишлаб чиқаришда давлат буюртмаси тизимини бекор қилиш ва лойиҳаларни компанияга ажратиладиган бюджет субсидиялари ҳисобидан молиялаштириш таклиф қилинди.

Бундан ташқари, “Dolby Atmos” технологияси асосида ишлайдиган замонавий дубляж ва овозлаштириш марказини ташкил этиш, миллий онлайн киноплатформани ишлаб чиқиш ҳамда кино маҳсулотларини монетизация қилиш имкониятларини яратиш режалаштирилмоқда.

Президент билдирилган таклифларни маъқуллаб, кино соҳасида замонавий бошқарув усулларини жорий этиш, ижодий эркинликни таъминлаш, сифатли сценарийлар ва ҳаётий сюжетларга бой фильмлар яратишни кенгайтириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

Шунингдек, халқаро миқёсда ўзбек кино мактабининг нуфузини тиклаш ва миллий кинематографияни янги босқичга олиб чиқиш вазифаси қўйилди.

    Бошқа янгиликлар