АсосийСиёсат

Чирчиқда Мухтор Ауэзов номидаги Жанубий Қозоғистон университетининг филиали очилади

Филиалга белгиланган тартибда лицензия олингандан сўнг, таълим фаолияти билан шуғулланишга рухсат этилади.

'Чирчиқда Мухтор Ауэзов номидаги Жанубий Қозоғистон университетининг филиали очилади'ning rasmi

Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида Мухтор Ауэзов номидаги Жанубий Қозоғистон университетининг филиали ташкил этилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори имзоланди.

Қуйидагилар филиал фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

Иқтисодиёт тармоқлари учун замонавий талаблар асосида халқаро таълим стандартларига мувофиқ юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш;

  • таълим, илм-фан ҳамда ишлаб чиқаришнинг узлуксизлиги ва изчиллиги тамойиллари, шунингдек, жаҳоннинг нуфузли ўқув-илмий марказлари билан уйғун интеграциялашув асосида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини жорий этиш;
  • замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассисларни тайёрлаш жараёнига илғор ҳамда масофавий технологияларни кенг жорий этиш, юқори малакали профессор-ўқитувчиларни ва кўп йиллик иш стажига эга бўлган амалиётчиларни жалб этиш;
  • хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим ташкилотлари, илмий тадқиқот марказлари ва бизнес-ҳамжамиятлар билан узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш;
  • илмий ва илмий-педагог кадрларнинг профессионал маҳорати даражаси ҳамда сифатини узлуксиз ошириб бориш, хорижий давлатлардаги етакчи олий таълим ташкилотларида малака оширишини ва стажировка ўташини таъминлаш;
  • фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш ҳамда уларнинг натижаларини амалиётга жорий этиш, илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда илмий-техник вазифаларни ҳал этишга йўналтирилган амалий ва инновацион изланишларни амалга ошириш.

Филиал университетнинг юридик шахс мақомига эга бўлган таркибий бўлинмаси ҳисобланади. Филиалда таълим жараёни Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талаблари инобатга олинган, университет томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва фан дастурларига мувофиқ Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Филиал кадрларга бўлган эҳтиёж асосида бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш, шу жумладан, илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш ишларини амалга оширади.

Филиалга абитуриентларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш ишлари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда, университет томонидан белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади.

Филиал битирувчиларига Ўзбекистонида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Университетнинг белгиланган намунадаги дипломи берилади. Филиалга белгиланган тартибда лицензия олингандан сўнг таълим фаолияти билан шуғулланишга рухсат этилади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:

а) уч ой муддатда:

филиал устави ишлаб чиқилиши, тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилади;
олий таълим ташкилотлари учун белгиланган нормативлар бўйича Филиал тузилмаси ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминланади.
б) 2024 йил 1 августга қадар Филиалнинг Васийлик кенгаши таркибини тасдиқланади;

в) 2024/2025 ўқув йили бошлангунига қадар:

Университет билан биргаликда Филиал профессор-ўқитувчиларининг таркибини юқори малакали, жумладан, 40 фоизини университет профессор ўқитувчилари билан таъминлаш;

филиал ахборот-ресурс марказини замонавий адабиётлар билан тўлдириш чораларини кўрилади.

Филиалга қабул параметрлари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг мутахассисларга бўлган эҳтиёжини инобатга олган ҳолда, Филиалнинг Васийлик кенгаши қарорига биноан тасдиқланади.

Филиалнинг ҳар йилги қабул параметрларининг 5 фоиздан кам бўлмаган қисми ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли ва иқтидорли бўлган фарзандлари орасидан танлов асосида абитуриентларни бепул (Филиал гранти асосида) ўқишга қабул қилиш учун ажратилади.

Филиалнинг ўқув жараёнига хорижий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотларидан жалб қилинадиган профессор-ўқитувчилар ва мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш Филиал билан ўзаро келишувда келтирилган тартиб ва миқдорда амалга оширилади.

Филиал Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрининг "Х. Мақсудов" МФЙ, В. Ҳайдаров кўчасидаги 1-уй манзилида белгиланган тартибда ижара ҳуқуқи асосида жойлаштирилиши маълумот учун қабул қилинсин.

Қуйидагилар филиал фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланди:

  • тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;
  • хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;
  • Университет томонидан ажратиладиган маблағлар; жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
  • Филиалнинг Васийлик кенгаши қарорлари асосида шакллантириладиган маблағлар;
  • халқаро молия ташкилотлари, шу жумладан, хорижий ҳамкорлар маблағлари;
  • қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Филиалда таълим сифати ва қонунчиликка риоя этилишини белгиланган тартибда назорат қилсин.

Ташқи ишлар вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда филиал буюртманомаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар таркиби ва маъмурий ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари учун кириш визалари консуллик ҳамда бошқа йиғимлар ундирилмасдан, белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминлайди.

Ички ишлар вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда филиал буюртманомаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар таркиби ва маъмурий ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари учун давлат божи ундирилмасдан, белгиланган тартибда кўп марталик визалар берилиши ва узайтирилишини, шунингдек, уларнинг яшаш манзиллари бўйича вақтинчалик рўйхатдан ўтказилиши ҳамда унинг муддати узайтирилишини таъминлайди.

Бошқа янгиликлар