Президент Шавкат Мирзиёев 4 ноябрь куни Бухоро вилоятига ташрифи доирасида ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари Бухоро иқтисодиёти ва аҳоли ҳаётида ижобий ўзгаришларга хизмат қиладиган 30 миллиард долларлик янги ташаббуслар билан келинганини таъкидлади.
Йиғилишда ичимлик суви ва оқова сув тармоқларини ривожлантириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Бу борада Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан 385 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Унинг иккинчи босқичига яна 248 миллион доллар жалб қилиниши режалаштирилган. Натижада 1,7 миллион аҳолининг сув таъминоти яхшиланади, 775 минг киши канализация тармоғига уланади.
Шунингдек, вилоятда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича бир қатор йирик лойиҳалар белгиланган.
Жумладан, Бухородан ўтувчи А-380 автомобиль йўлини реконструкция қилиш якунланади. Келгуси йили эса М-37 автомобиль йўлининг вилоят ҳудудидан ўтувчи 69 километрини янгилаш ишлари бошланади. Қиймати 200 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида Бухоро шаҳри атрофида 4,5 километрлик айланма йўл ҳам қурилади.
Бундан ташқари, Самарқанд – Бухоро йўналишида цемент-бетон қопламали замонавий пулли автомобиль йўли барпо этилади. Бу икки шаҳар ўртасидаги сафар вақтини ҳозирги беш соатдан бир ярим соатгача қисқартириши кутилмоқда. Шу йўналишда тезюрар поезд учун янги темир йўл линияси қурилиши ҳам режалаштирилган.
Бухорода халқаро стандартларга мувофиқ, қиймати 300 миллион доллар бўлган янги аэропорт қурилмоқда. У бир вақтнинг ўзида 20 та самолёт ва 1200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади.
Туризм соҳасида ҳам йирик лойиҳа амалга оширилади. Хусусан, Бухоро шаҳридаги Гулчорбоғ маҳалласида 50 гектар майдонда 80 миллион долларлик туризм маркази ташкил этилади. Унда кўргазмалар зали, амфитеатр ва меҳмонхоналар жойлаштирилади.
Белгиланган лойиҳалар ҳудуднинг транспорт, туризм ва муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш, аҳоли учун янги имкониятлар яратишга қаратилган.






