Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази доимий асосда Ўзбекистон автомобиль бозоридаги вазиятни таҳлил қилади.
Июнь ойидаги тадқиқ натижаларига кўра, республика бўйича автотранспорт воситаларининг умумий савдолари 13,6 фоизга камайиб, қарийб 87 минг донани ташкил этган. Йиллик ҳисобда бозор фаоллиги 1,4 бараварга қисқарган.
Шу билан бирга, янги енгил автомобилларнинг бирламчи бозори иккиламчи бозорга қараганда анча барқарор динамикани намойиш этган.
Олдинги ойга нисбатан 14 фоизга ўсиш кузатилган май ойида енгил автомобиллар савдолари йил бошидаги бир оз пасайишдан сўнг тикланиш белгиларини кўрсатган. Бироқ, июнь ойида сотувлар ҳажми яна 13,3 фоизга, 77,6 минг донагача пасайиши юз берган.
Йил ҳисобида енгил автомобиллар бозори ҳам қисқариб, бу йўналишда сотувлар бир йилда 1,4 бараварга пасайган.
Ўтган ойда энг катта пасайиш Сурхондарё ва Андижон вилоятларида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида – ўртача 22 фоизга – қайд этилган.
Шу билан бирга, баъзи ҳудудларда сотувлар ошгани кузатилган. Хусусан, 6 ойда Хоразм ва Навоий вилоятларида ўтган йилнинг муқобил даврига солиштирганда ўртача 7 фоизлик ижобий динамика кузатилган.
2024 йилнинг биринчи ярми якунларига бўйича Ўзбекистонда енгил автомобиллар савдоси 580 минг донани ташкил этган. Бу эса ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичга нисбатан 19 фоизга пастдир. Бу нафақат олдин эксплуатацияда бўлган автомобилларга талабнинг пасайиши билан, балки автомобилларни рўйхатдан ўтказиш жараёнларининг мураккаблашиши ҳамда расмийлаштириш ва қайта рўйхатдан ўтказиш қийматининг ошиши билан ҳам изоҳланади.
Июнь ойида енгил автомобилларнинг бирламчи бозорида савдолар ўтган ойга нисбатан 9 фоизга камайган ҳамда 26 минг донадан ошган. Йиллик ҳисобда фаолликнинг кичикроқ – 5,3 фоизга пасайиши қайд этилмоқда.
Шундай қилиб, янги енгил автомобилларнинг бирламчи бозори иккиламчи бозорга нисбатан анча барқарор динамикани намойиш этмоқда.
Электромобиллар бозоридаги вазият
Июнда енгил электромобиллар сегменти сотувларнинг пасайишини намоён этган. Сотувлар ҳажми 3 минг донага етди, бу эса май ойидагига нисбатан 800 дан ортиққа камдир. Шунга қарамасдан, электромобиллар савдоси ўтган йилнинг июнь ойи даражасига нисбатан 1,3 бараварга ошган.
Агар Ўзбекистонда электромобиллар бирламчи бозорида сотувлар бир ой ичида сезиларли даражада – 28 фоизга қисқарган бўлса, иккиламчи бозорда бунинг акс тенденциясини кузатилмоқда. Бу сегментда март ойидан буён фаолликнинг ўсиши қайд этилмоқда. Июнь ойида бу кўрсаткич 2,4 фоизни ташкил этган.