АсосийЖАМИЯТ

Сувдан қарзи борлар электр энергияси учун ҳам тўлов қила олмайди

Истеъмолчида қарздорлик юзага келганидан кейин унга тўловни амалга ошириш учун беш кун муддат берилади.

'Сувдан қарзи борлар электр энергияси учун ҳам тўлов қила олмайди'ning rasmi

2027 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда ичимлик суви ва оқова сув хизматларидан қарзи бўлган истеъмолчиларнинг электр энергияси учун тўлов қилиш имконияти чекланади. Бироқ бу чеклов қарздорлик пайдо бўлиши биланоқ қўлланмайди. Бу ҳақда 30 октябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Ўзсувтаъминот» компанияси маълум қилди.

Компания бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Ислом Абдуллаевнинг тушунтиришича, истеъмолчида қарздорлик юзага келганидан кейин унга тўловни амалга ошириш учун беш кун муддат берилади.

«Агар тўловлар амалга оширилмаса, қарздорлик вужудга келса, огоҳлантирилиб, тўлов қилишга беш кун муддат берилади. Шунда ҳам қарздорлик бартараф этилмаса, амалдаги тартибда хизмат кўрсатиш чекланади ва қарздорликни ундириш бўйича амалий чоралар кўрилади», — деди Ислом Абдуллаев.

Қарздорлик қандай ундирилади?

Янги тартибга кўра, сувдан қарзи бор истеъмолчининг электр энергияси учун тўлов қилиш имконияти фақат қарзни ундириш бўйича белгиланган жараёнлар якунланганидан кейин чекланади.

Дастлаб истеъмолчига ёзма огоҳлантириш юборилади. Ундан кейин қарзни бартараф этиш учун беш иш куни берилади. Белгиланган муддатда тўлов амалга оширилмаса, мажбурий ундирув чоралари кўрилади.

Бунда қарз миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 бараваригача, яъни 440 миллион сўмгача бўлса, у нотариус орқали ижро хати расмийлаштириш йўли билан ундирилади. Қарз ушбу миқдордан ошган тақдирда эса масала суд тартибида кўриб чиқилади.

Нотариал ёки суд жараёни якунланганидан сўнг ижро ҳужжати расмийлаштирилиб, Мажбурий ижро бюросига юборилади. Агар истеъмолчи ижро ҳужжатида белгиланган талабларни ихтиёрий равишда бажармаса, унинг электр энергияси учун тўлов қилиш имконияти автоматик тарзда чекланади.

Чироқ ўчирилмайдими?

«Ўзсувтаъминот» вакилларининг таъкидлашича, мазкур механизм электр энергиясини тўғридан тўғри ўчиришни эмас, балки унинг учун тўлов қилиш имкониятини чеклашни назарда тутади.

Бироқ олдиндан тўлов асосида ишлайдиган электр ҳисоблагичлари мавжуд хонадонларда бу бошқача оқибатларга олиб келиши мумкин. Яъни истеъмолчи ҳисобини тўлдира олмайди ва мавжуд баланси тугагач, электр энергияси таъминоти автоматик равишда узилади.

Электр энергияси учун тўлов қилиш имкониятини қайта тиклаш учун истеъмолчи ичимлик суви ва оқова сув хизматлари бўйича қарздорлигини тўлиқ бартараф этиши керак.

Янги тартиб 2027 йил 1 январдан кучга киради.

    Бошқа янгиликлар