Ўзбекистон Президентининг Туркияга амалий ташрифи доирасида мамлакат Биринчи хоними Зироат Мирзиёева Туркий давлатлар ташкилоти Оила ва хотин-қизлар кенгашининг илк йиғилишида иштирок этди.
Тадбир ТДТнинг 13-саммити доирасида Анқара шаҳрида ташкил этилди. Унда туркий давлатлар ўртасида оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Давлат ва ҳукумат раҳбарлари рафиқаларидан иборат Олий фахрий кенгашнинг биринчи йиғилиши «Ҳамжиҳатликдан институционал ҳамкорлик сари: Туркий дунёда оила ва хотин-қизлар» мавзусига бағишланди.
Йиғилишда сўзга чиққан Зироат Мирзиёева қизларнинг замонавий таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди.
"Аёлнинг билими ва меҳнати қадрланган, оилада ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик қарор топган муҳит бутун жамиятни мустаҳкамлайди", деди Биринчи хоним.
Шунингдек, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, инклюзив таълимни ривожлантириш ҳамда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар билдирилди. Болалар ва ўсмирлар учун хавфсиз интернет муҳитини яратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Сўзининг якунида Зироат Мирзиёева йиғилишни ташкил этгани учун Туркия Биринчи хоними Эмине Эрдоғанга миннатдорлик билдирди. У қабул қилинган қарорлар оилалар фаровонлиги, хотин-қизлар учун янги имкониятлар яратиш ва болалар манфаатларини таъминлашга хизмат қилишига умид билдирди.






