Тошкент метросининг тўртта йўналишида тиғиз вақтларда беш вагонли поездлар ҳаракатини ташкил этиш ва қатновлар оралиғини 2–3 дақиқагача қисқартириш режалаштирилмоқда. Шунингдек, пойтахт автобуслари қатновини кўпайтириш, айрим йўналишларда ҳаракат вақтини узайтириш ҳамда қоидабузарликларни автоматик қайд этувчи камералар ўрнатиш белгиланган.
Бу ҳақда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2026 йил 30 октябрдаги қарорида сўз боради.
Қарорга кўра, «Тошкент метрополитени» масъулларига 20 ноябрга қадар «Чилонзор», «Ўзбекистон», «Юнусобод» ва Ер усти ҳалқа йўналишларида поездларни беш вагонли қилиб шакллантириш ҳамда уларнинг қатнов оралиғини қисқартириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш топширилган.
Бунда тиғиз вақтлар сифатида соат 07:30 дан 09:30 гача, 12:00 дан 14:00 гача ҳамда 17:00 дан 19:30 гача бўлган оралиқлар белгиланган.
Автобус қатновларини яхшилаш ҳам кун тартибидаги масалалардан бири. Хусусан, эрталабки ва кечки тиғиз вақтларда асосий йўналишларга қўшимча автобуслар чиқариш орқали қатнов оралиғини 3–5 дақиқагача қисқартириш кўзда тутилган. Бу борадаги чора-тадбирлар 15 ноябрга қадар ишлаб чиқилиши керак.
Бундан ташқари, 20 декабрга қадар йўловчилар оқими юқори бўлган 25 та йўналишга катта сиғимли, бўғинли автобусларни жалб этиш тавсия қилинган. Бунда Учтепа, Миробод, Сергели ва Янгиҳаёт туманларидаги асосий йўлларга алоҳида эътибор қаратилади.
Шу билан бирга, пойтахтдаги 20 та автобус йўналишида кечки қатновни соат 23:00 гача узайтириш масаласи ҳам ўрганилади. Масъулларга 1 декабрга қадар мавжуд имкониятлар доирасида ушбу масалани кўриб чиқиш топширилган.
Рўйхатга 1-, 14-, 18-, 21-, 24-, 28-, 38-, 44-, 46-, 51-, 58-, 67-, 72-, 85-, 93-, 98-, 115-, 118-, 131- ва 147-сонли автобус йўналишлари киритилган. Кечки вақтда автобуслар оралиғи 15–20 дақиқадан ошмаслиги, ҳаракат жадваллари эса бекатлар ва рақамли иловаларда эълон қилиниши белгиланган.
Қарорда жамоат транспорти учун ажратилган «А» йўлакларида шахсий автомобилларнинг ноқонуний ҳаракатланиши ва тўхтаб туришига қарши курашиш чоралари ҳам назарда тутилган. Жумладан, 1 ноябрдан бошлаб бу борадаги рейдлар кучайтирилади.
15 декабрга қадар автобусларнинг олд қисмига ҳаракат вақтида йўл ҳаракати қоидалари бузилишини автоматик қайд этувчи камералар ўрнатиш ва уларни Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг ягона базасига улаш амалиётини йўлга қўйиш белгиланган.
Шунингдек, автобус ҳайдовчиларининг ногиронлиги бўлган йўловчилар учун пандусни очиб бериш мажбурияти хизмат вазифаси сифатида белгиланади. Ушбу талабни бажаришдан бош тортган ҳайдовчиларга нисбатан интизомий чоралар кўрилади.
Қарорда октябрь ойида ижтимоий тармоқлар орқали қарийб 3 минг киши иштирокида ўтказилган сўров натижалари ҳам келтирилган.
Унга кўра, иштирокчиларнинг 85,4 фоизи тиғиз вақтларда жамоат транспортида ҳаддан ташқари гавжумлик кузатилишини билдирган. 32 фоиз респондент эса бекатларда транспорт кутиш вақти 20 дақиқадан ошишини қайд этган.
Шу билан бирга, сўровда қатнашганларнинг 79 фоизи пойтахт жамоат транспорти тизимини умумий ҳисобда «қулай» ёки «жуда қулай» деб баҳолаган.






