Аввалроқ, Сурхондарёда ҳокимдан адолат талаб қилган директор калтаклангани ҳақида хабар берган эдик.
Унга тан жароҳати етказган шахсга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов Uzreport.news манбасига хабар берди.
Билдирилишича, судланувчи Y.M. 2023 йил 31 август куни соат 17:00 да Сариосиё тумани, Дўстлик маҳалласида жойлашган 28- умумтаълим мактаби биносига бориб, мактаб директори T.U. ўтирган методик ўқув хонасига кириб бориб, у билан ҳеч бир сабабсиз жанжаллашиб қолган. Жанжал вақтида хонада турган стулни қурол сифатида қўллаб, ушбу стул билан директорнинг бош қисми ва баданининг дуч келган соҳаларига бир неча марта қасддан уриб, тан жароҳати етказган. Эркакни ажратиб, безорилик ҳаракатларини олдини олмоқчи бўлган шу мактабнинг ўқитувчиси I.Q. нинг ҳам бошига уриб, тан жароҳати етказган.
Судланувчи Y.M. судда айбига иқрорлигини билдириб, суддан енгиллик сўраган. Унинг сўзларига кўра, Россиядан келганлиги сабабли 2023 йил 1 сентябрь куни маҳаллада яшовчи қарияларни уйига чақириб эҳсон қилишни режалаштирган ва шу мақсадда 31 август куни соат 14:00 ларда Денов шаҳрида жойлашган деҳқон бозорига бориб керакли нарсаларни харид қилган. Бозордан қайтишда мактабга кириб, турмуш ўртоғига дарс соати кам ажратилганидан жаҳли чиқиб, директор хонасига борган ва дарс соати нега камайганини сўраганида, ўқитувчи “қўлингда қуролинг бўлса отиб ташла, хотининг ишласа шу, ишламаса катта кўча, аризасини ёзиб кетаверсин, сени ким киритди мактабга, чиқариб юборинглар буни, суф сенга” дея жавоб берган. Шундан сўнг, ҳолат содир бўлган.
Суд судланувчи Y.M.ni Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, уни 3 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилди.