Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида амалга оширилган ишлар ва ижтимоий ҳимоя тизимида жорий этилган янги механизмлар юзасидан брифинг ўтказди.
Маълум қилинишича, ҳисобот даврида ижтимоий ҳимоя тизимида аҳолига алоҳида ёрдам кўрсатишдан оилалар эҳтиёжини комплекс баҳолаш ва манзилли хизматлар кўрсатиш тизимига ўтилган.
Айни пайтда 208 та туман ва шаҳарда фаолият юритаётган "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари ҳамда маҳаллалардаги ижтимоий ходимлар орқали 140 турдаги ижтимоий хизмат ва ёрдам аҳолига яқинлаштирилган.
Ижтимоий реестрга 530 минг оила киритилди
Йил бошидан "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ва "Камбағал оилалар реестри" бирлаштирилиб, ягона "Ижтимоий реестр" тизими жорий этилди. Унда оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати 85 та мезон асосида баҳоланмоқда.
1 октябрь ҳолатига кўра, реестрга 530 мингта оила, яъни 2,2 миллион нафар аҳоли киритилган. Кўрсатилган ижтимоий хизматлар натижасида 26,5 минг оиланинг даромади 1,5 баробарга ошган.
Ҳисобот даврида қарийб 426 мингта болалар нафақаси, 563 мингта электр энергияси ва табиий газ компенсацияси тўлаб берилган. Шунингдек, 16,3 мингта оилага 318,2 миллиард сўмлик фоизсиз кредит ажратилган, 3 минг нафар ёшнинг таълим контракти тўлаб берилган.
Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш
Бугунги кунда республика бўйича 1,1 миллион нафар ногиронлиги бўлган шахс ҳисобда туради.
Ҳисобот даврида ногиронликни белгилашнинг ягона стандарти жорий этилди. Фуқароларга my.gov.uz портали, маҳалладаги оилавий шифокор ёки ижтимоий ходим орқали мурожаат қилиш имконияти яратилди.
Эндиликда барча касалликлар учун бир хил 120 кунлик даволаниш муддати талаб қилинмайди. Касаллик хусусиятидан келиб чиқиб, 30, 60, 90 ёки 120 кунлик муддат белгиланади.
Ногиронлик белгиланадиган касалликлар рўйхати ҳам кенгайтирилган. Қўшимча 21 та касаллик бўйича ногиронлик белгилаш, 30 та касаллик бўйича эса уни муддатсиз белгилаш тартиби жорий этилган.
Янги стандарт асосида 267,3 минг нафар шахсга ногиронлик белгиланган. Бундан ташқари, 77,3 минг нафар шахс протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация техник воситалари билан таъминланган. 83 минг нафар ногиронлиги бўлган шахснинг бандлиги таъминланган.
Ногиронлиги бўлган болалар учун ҳам янги хизматлар йўлга қўйилган. Жумладан, 3 ёшгача бўлган болаларга "Эрта аралашув", 3 ёшдан 18 ёшгача бўлганларга эса "Кундузги парвариш" хизмати кўрсатилмоқда.
"Кундузги парвариш" хизмати 6,7 минг нафар болани қамраб олган. "Эрта аралашув" хизмати доирасида эса 1,7 минг нафар болага ваучер шакллантирилган.
Шунингдек, ақлий заифлик ёки деменция ташхиси бўлган шахслар учун "Янги кун" кундузги қараб туриш хизмати жорий этилган.
Инклюзив таълим қамрови кенгаймоқда
Ҳисобот даврида 1 486 та мактабда инклюзив таълим, 3 950 та инклюзив синф ташкил этилган. Уларда 5,8 минг нафар бола таҳсил олмоқда.
Шунингдек, 1 158 та мактабда коррекцион ресурс хоналари ташкил этилган. Республика бўйича инклюзив таълим йўлга қўйилган мактаблар сони 3 774 тага, инклюзив синфлар 8 324 тага етган. Бундай таълим билан қамраб олинган ўқувчилар сони 11,7 минг нафарни ташкил этмоқда.
Уйда таълим олаётган 17,1 минг нафар ўқувчидан 2,2 минг нафари оммавий синфларга қайтарилган.
55,4 минг нафар шахсга ижтимоий хизмат кўрсатилди
"Фаол ҳаётга қадам" дастури доирасида ўзгалар парваришига муҳтож 55,4 минг нафар катта ёшли шахсга 227,2 миллиард сўмлик ваучерлар асосида беш турдаги ижтимоий хизмат кўрсатилган.
Улар орасида уйда ижтимоий-маиший ёрдам, уйда қараб туриш, тиббий-ижтимоий реабилитация, кундузги қараб туриш ва шахсий ёрдамчи хизматлари бор. Натижада 28,6 минг нафар шахснинг ҳолати яхшиланиб, улар реестрдан чиқарилган.
Шунингдек, ёлғиз яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида "Ёлғиз шахслар реестри" шакллантирилган. Унга киритилган 23,8 минг нафар шахсга 152 мингга яқин тиббий, ижтимоий, психологик, ҳуқуқий ва бошқа хизматлар кўрсатилган.
Зўравонликдан жабрланганларга ёрдам кўрсатилди
Ҳисобот даврида хотин-қизлар ва болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича янги механизмлар жорий этилган.
Тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича келиб тушган мурожаатлар асосида 74,3 минг нафар хотин-қизга қарийб 110 мингта ижтимоий хизмат кўрсатилган. Шунингдек, 7,2 минг нафар аёл ва уларнинг 4,5 минг нафар фарзанди хавфсиз бошпаналарга жойлаштирилган.
Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш йўналишида Интеграция маркази, кризис марказлари, профессионал тутинган оила ва "Меҳрли оила" хизматлари йўлга қўйилган.
Янги механизмга мувофиқ, хавф остидаги боланинг ҳолати бир кун ичида ўрганилиб, уни ҳимоя қилиш чоралари кўрилади. 14 кун ичида эса боланинг ҳолати комплекс баҳоланади.
Ҳисобот даврида зўравонликдан жабрланган 6,9 минг нафар бола аниқланган. Уларга қарийб 10 мингта ижтимоий, психологик, ҳуқуқий ва тиббий хизмат кўрсатилган.
Республика бўйича 23 та кризис маркази ташкил этилган. Ушбу марказларга жойлаштирилган 280 нафар боладан 171 нафари кўрсатилган ёрдам натижасида ўз оиласига қайтарилган.
"Меҳрли оила" хизмати доирасида ота-она ва бола ўртасидаги муносабатларни яхшилашга қаратилган 4,9 мингта ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатилган.
Етим болалар учун 609 та уй-жой харид қилинди
1 октябрь ҳолатига кўра, ижтимоий ҳимояга муҳтож 84,8 минг нафар бола ҳисобга олинган.
Уларнинг уй-жой, таълим ва бандлик масалаларини ҳал этиш мақсадида 192,2 миллиард сўм маблағ ҳисобидан етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун 609 та уй-жой харид қилинган.
Шунингдек, 527 нафар бола олий таълим муассасаларига имтиёзли тартибда қабул қилинган. "Ёшларга ҳамроҳлик" дастури доирасида эса 7,4 минг нафар ёшга 14,4 миллиард сўмлик ижтимоий ёрдам кўрсатилган.
Ҳомиладорлик нафақалари автоматик тайинланмоқда
Жорий йилдан ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаларини фуқароларнинг алоҳида мурожаатисиз автоматик тайинлаш ва тўлаш тизими жорий этилган.
Ҳисобот даврида 111,8 минг нафар аёлга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси учун 1,3 триллион сўм тўлаб берилган.
1 июлдан бошлаб вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тайинлашнинг янги тартиби ҳам амалга киритилган. Ушбу йўналишда 123,5 мингта ҳолат бўйича қарийб 160 миллиард сўм нафақа тўланган.
Агентлик маълумотларига кўра, ижтимоий ҳимоя тизимидаги ислоҳотлар нафақат моддий ёрдам кўрсатиш, балки аҳолининг ҳаётий эҳтиёжларини аниқлаш, зарур хизматлар билан таъминлаш, мустақил ҳаёт кечиришига кўмаклашиш ва оилаларда барқарор ижтимоий муҳитни шакллантиришга қаратилган.






