АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда носоз иситиш қозонлари сабаб 18 киши ис газидан заҳарланиб вафот этди

25 октябрь куни Фарғона туманининг Чимён қишлоғида бир оиланинг 7 нафар аъзоси, шу куни Тошкент шаҳрида 6 нафар, 1 ноябрь куни эса Қўқон шаҳрида 5 нафар фуқаро ис газидан заҳарланиб вафот этган.

'Ўзбекистонда носоз иситиш қозонлари сабаб 18 киши ис газидан заҳарланиб вафот этди'ning rasmi

Ўзбекистонда Германиянинг "Vaillant" русумли икки контурли газ иситиш қозонлари носозлиги оқибатида 18 киши ис газидан заҳарланиб вафот этди. Маълум бўлишича, мазкур ускуналар мамлакатга ноқонуний йўл билан олиб кирилган. Бу ҳақда Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, 25 октябрь куни Фарғона туманининг Чимён қишлоғида бир оиланинг 7 нафар аъзоси, шу куни Тошкент шаҳрида 6 нафар, 1 ноябрь куни эса Қўқон шаҳрида 5 нафар фуқаро ис газидан заҳарланиб вафот этган.

ФВБ маълумотига кўра, фожиаларга Германияда ишлатилган ва утилизацияга топширилган, фойдаланишга яроқсиз "Vaillant" русумли иситиш қозонлари сабаб бўлган.

Маълум бўлишича, айрим тадбиркорлар ушбу эски ускуналарни эҳтиёт қисмлари сифатида Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирган. Кейин улар қўлбола усулда қайта жиҳозланиб, гўёки янги маҳсулот сифатида тайёрланган ва фуқароларга сотилган.

Энг хавфли жиҳати шундаки, қозонлар Германиядан ўзининг ажралмас қисми ҳисобланган махсус дудбуронсиз олиб келинган. Уларнинг ўрнига эса юқори ҳароратга мослашмаган канализация учун мўлжалланган полиэтилен қувурлар ўрнатилган. Бундай қувурлар қизиш таъсирида қаттиқлигини йўқотиб, ўрнатилган жойидан чиқиб кетиши мумкин.

Бундан ташқари, иситиш қозонларининг ҳаво тортиш қувурлари турли матолар билан беркитилган ёки тўсиб қўйилган. Оқибатда табиий газ тўлиқ ёнмаган ва хонадонларда инсон ҳаёти учун ўта хавфли бўлган ис гази ажралиб чиққан.

Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси фуқароларни бундай ускуналардан фойдаланмасликка чақирди. Шунингдек, хонадонларга ўрнатиладиган иситиш воситаларининг сифат сертификати, фойдаланиш йўриқномаси ва хавфсизлик талабларига мувофиқлигини мутахассислар иштирокида текшириш зарурлиги таъкидланди.

ФВБ фуқароларни фойдаланишга яроқсиз, эски "Vaillant" русумли икки контурли иситиш қозонларини хонадонларга ўрнатмаслик ҳақида қатъий огоҳлантирди.

    Бошқа янгиликлар