АсосийЖамият

Абитуриентларнинг ҳуқуқшунослик фанларига оид эътирозлари бўйича изоҳ берилди

Тест синовларида ҳуқуқшунослик фанларидан саволларнинг айримларига ижтимоий тармоқларда эътирозлар билдирилмоқда.

'Абитуриентларнинг ҳуқуқшунослик фанларига оид эътирозлари бўйича изоҳ берилди'ning rasmi

2024-2025-ўқув йилида олий ва профессионал таълим муассасаларига кириш тест синовларида ҳуқуқшунослик фанларидан тест топшириқларининг айримларига ижтимоий тармоқларда эътирозлар билдирилмоқда. Ҳолатга Билимни баҳолаш агентлиги муносабат билдирди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 6 ноябрдаги 4884-сон қарорида давлат олий таълим ташкилотларига кириш учун тест синови топшириқларини тузиш ва экспертизадан ўтказишнинг янги тартиби жорий қилиниши ва тест синови топшириқлари давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари асосида тузилиши белгиланган. 

Қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ҳуқуқшунослик фанларидан ҳам тест топшириқлари амалдаги ДТС ва ўқув дастурлари асосида шакллантирилган  бўлиб, олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларида ҳуқуқшунослик фанларидан фойдаланиладиган тест варианти тафсилоти Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг расмий сайтида эълон қилинган. Шунингдек, абитуриентлар олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларига тайёргарлик кўришлари учун ўқишга тавсия этилган дарсликлар ва ўқув адабиётлар рўйхати ҳам агентлик сайтида жойлаштирилган бўлиб, ҳуқуқшунослик фанлари бўйича тест топшириқлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни инобатга олган ҳолда шакллантирилиши, қонун ҳужжатларига белгиланган тартибда ўзгартириш киритилганда қонуннинг асл манбайи (Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базаси – lex.uz. сайти)га мурожаат қилиниши бўйича ҳам маълумотлар эълон қилинган. 

2024-2025-ўқув йили қабули тест синовларида фойдаланилган ва абитуриентларнинг эътирозига сабаб бўлаётган тест топшириғида Ўзбекистон Республикаси давлат рамзларига ҳурмацизлик қилиш ёки ота-оналар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида сўралган. Шу каби тест топшириқларини шакллантиришдан мақсад айнан ҳуқуқшунослик йўналишини танлаш истагида бўлган абитуриентларнинг шу соҳада умумий ўрта таълим мактабида ва академик лицейларда олган билимларини синаш, қолаверса, бу билимларни кундалик ҳаётда дуч келадиган мисоллар орқали қай даражада татбиқ қила олишларини аниқлашдан иборат. 
Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича шакллантириладиган тест топшириқлари бутун ҳужжат асосида эмас, балки ўқув дастурида келтирилган қисмидан тузилади. Шунга кўра ҳуқуқшунослик фанларидан тест топшириқларини шакллантиришда ҳам амалдаги ДТС ва ўқув дастурларидан четга чиқиш ҳолатлари бўлмаган.

Билимни баҳолаш агентлиги нафақат ҳуқуқшунослик фанлари бўйича соҳа мутахассисларини, балки барча умумтаълим фанларидан мутахассисларни ўзаро ҳамкорликка таклиф этади.

    Бошқа янгиликлар