Ижтимоий тармоқларда иссиқ сув қувурида катта "авария" юз бергани, иссиқ сув фонтан бўлиб отилаётгани акс этган видео тарқалди. Миробод туман ҳокимлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида иссиқлик тармоқларини гидравлик синовдан ўтказиш ишлари давом этмоқда.
Айни ҳолат гидравлик синов вақтида "Фазиобод" ГАИ ҳудудида рўй берган ва шу жойнинг ўзида барча чоралар кўрилган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.
20 июндан 2 августгача Тошкент шаҳрида иссиқлик тармоқларининг гидравлик синовлари (механик куч ва зичлик учун юқори босим остида иссиқлик тармоқларининг синовлари) ўтказилади.
"Синовлар давомида иссиқлик тармоқлари қувурларининг шикастланиши ва иссиқ сув йўллар ва йўлакларга чиқиши мумкин. Ҳайдовчилар, пиёдалар ҳамда маъмурий ва турар-жой биноларидаги юртдошларимиздан эътиборли ва эҳтиёт бўлишларини сўраймиз.
Носозликлар аниқланган тақдирда (78) 129-01-85 телефон рақами орқали маълум қилишингизни сўраймиз.
Синовлар 2014 йил 18 декабрдаги "Иссиқлик тармоқлари ва иссиқлик пунктларидан техник фойдаланиш қоидалари" билан тартибга солинади", дейилади хабарда.