Фарғона шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” массивида Президент билан суҳбатлашган Мадинахон Солиева Жаҳон тиллари университети талабасига айланди.
“Янги Фарғона” газетасининг маълум қилишича, Ўзбекистон туманидаги "Зинаша" МФЙда яшовчи Мадинахон Солиева Фарғона шаҳрига имтиҳондан ўтиш мақсадида келган.
Президентнинг Фарғона сафари чоғида Мадинахон жияни билан хиёбонда сайр қилиб юрган бўлган.
“Жияним билан хиёбонда сайр қилиб юргандик. Кутилмаганда массивга Юртбошимиз ташриф буюриб, фуқаролар билан суҳбатлашишни бошладилар. Мен ҳам Президентимизга пешвоз чиқиб, самимий тилакларимни айтдим. Ўзимнинг орзу-мақсадларим ҳақида гапириб бердим. Давлатимиз раҳбари мени ўзим орзу қилган олийгоҳда имтиёзли грант асосида ўқишга тавсия қилиб, омад тиладилар. Менга билдирилган бу ишончни албатта оқлаш учун пухта билим олиб, келажакда Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшадиган кадр бўлиб етишишга ҳаракат қиламан”, – дейди у.
Учрашувдан бир кун ўтиб Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакиллари ҳамда Жаҳон тиллари университети ректори Фарғонага етиб келган.
Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган тадбирда бўлажак талаба ҳамда унинг онасига ўқишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги сертификат топширилган.
Маълумот ўрнида, Мадинанинг отаси – Жаҳонгир Турсунов қурувчи-уста, онаси – Майнахон Маматқулова эса уй бекаси.