АсосийЖАМИЯТ

Бекободдаги корхона ҳавони меъёрдан 1533 баробар кўпроқ ифлослантираётгани аниқланди

Қайд этилган қоидабузилишлар юзасидан корхонага 1 миллиард 630 миллион 920 минг 419 сўм компенсация тўлови ҳисобланган.

'Бекободдаги корхона ҳавони меъёрдан 1533 баробар кўпроқ ифлослантираётгани аниқланди'ning rasmi

Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳридаги “М.К.” корхонаси атмосферага белгиланган меъёрдан бир неча баробар кўп зарарли моддалар чиқараётгани аниқланди. Корхонага атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун 1,6 миллиард сўмдан ортиқ компенсация тўлови белгиланди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.

Маълум қилинишича, қўмита Экологик полицияси ходимлари томонидан ўтказилган ўрганиш давомида корхонанинг электр ёрдамида пўлат эритиш ва ферроқотишмалар ишлаб чиқариш бўлинмаларида атмосферага чиқарилаётган зарарли моддалар миқдори белгиланган меъёрлардан сезиларли даражада юқори экани аниқланган.

Хусусан, пўлат эритиш бўлинмасида ноорганик чанг миқдори меъёрдан 2,4 баробар, олтингугурт диоксиди 1533 баробар, углерод оксиди эса 20 баробар кўп бўлган.

Ферроқотишмалар ишлаб чиқариш бўлинмасида ҳам қоидабузилишлар қайд этилган. Бу ерда ноорганик чанг меъёрдан 24,9 баробар, азот диоксиди 2,12 баробар, углерод оксиди эса 23,3 баробар юқори экани лаборатория таҳлиллари орқали тасдиқланган.

Шунингдек, пўлат эритиш цехидаги чанг-газ тозалаш ускуналари самарали ишламаётгани, натижада зарарли моддаларнинг бир қисми тўғридан тўғри атмосферага чиқиб кетаётгани маълум бўлган.

Ўрганиш давомида корхонада экологик экспертиза хулосалари талаблари тўлиқ бажарилмагани, айрим ифлослантирувчи манбаларда автоматлаштирилган мониторинг тизимлари ўрнатилмагани ҳамда лаборатория назорати етарли даражада ташкил этилмагани ҳам аниқланган.

Қайд этилган қоидабузилишлар юзасидан корхонага 1 миллиард 630 миллион 920 минг 419 сўм компенсация тўлови ҳисобланган.

Бундан ташқари, корхонага аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича мажбурий кўрсатмалар берилган. Жумладан, чанг-газ тозалаш ускуналари фильтрларини тўлиқ алмаштириш, уларнинг самарадорлигини камида 95 фоизга етказиш, лаборатория назоратини кучайтириш ҳамда асосий ифлослантирувчи манбаларга автоматик мониторинг станцияларини ўрнатиш талаб этилган.

    Бошқа янгиликлар