АсосийСиёсат

Шавкат Мирзиёев Еврокомиссия раҳбарини лавозимга қайта сайлангани билан табриклади

Президент Урсула фон дер Ляйенга табрик мактуби йўллаб, ҳамкорликни янада юқори босқичга кўтарилишига ишонч билдирди.

'Шавкат Мирзиёев Еврокомиссия раҳбарини лавозимга қайта сайлангани билан табриклади'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Европа Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйенни ушбу лавозимга қайта сайлангани муносабати билан табриклади ва энг эзгу тилакларини билдирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. 

Давлатимиз раҳбари ўз мактубида сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан кенг қамровли муносабатларини сифат ва мазмун жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтаришда, мамлакатимиздаги ортга қайтмас тус олган демократик ва иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда Еврокомиссия Президентининг улкан шахсий ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлади.

Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан ҳамкорлик барча устувор йўналишларда янада юксак босқичга кўтарилишига ишонч билдирилди.

Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан муносабатларда мутлақо янги саҳифа очадиган Кенгайтирилган ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги битимни тез орада имзолаш тарафдори экани қайд этилди.

“Яқин келажакда Самарқанд шаҳрида биринчи “Марказий Осиё - Европа Иттифоқи” саммити ўтказилиши минтақавий алоқаларимизни манфаатли лойиҳалар ва дастурлар билан бойитиш йўлида муҳим амалий қадам бўлишига аминман",

- дейилади Президентимиз мактубида.

    Бошқа янгиликлар