Microsoft ишидаги глобал узилишлар Ўзбекистондаги халқаро аэропортлар фаолиятига таъсир қилмади. Бу ҳақда Uzbekistan Airports ахборот хизмати хабар берди.
Аввалроқ Windows тизими билан ишлайдиган қурилмаларда бутун дунё бўйлаб муаммолар кузатилаётгани, Австралия, АҚШ, Япония, Буюк Британия ва бошқа мамлакатларда аэропорт, банклар, ОАВ, фонд биржалари техник муаммолар ҳақида хабар бераётгани ҳақида хабар тарқалганди.
Microsoft муаммолар кузатилаётганини тан олган ва вазиятни ҳал қилишга уринаётганини билдирган.
"Айни дамда барча аэродромларда учиш ва қўниш жараёнлари одатдагидек давом этмоқда. Авиакомпаниялар йўловчиларни рўйхатга олишда дастурий носозликларга дуч келган тақдирда, Uzbekistan Airports авиаташувчиларга ўзининг муқобил рўйхатга олиш тизимини таклиф қилишга тайёр", — дейилади хабарда.
Парвозлар ҳолати билан www.uzairports.com расмий сайти ёки +99855 501 45 55 рақамидаги ягона алоқа маркази орқали танишиш мумкинлиги эслатиб ўтилди.