20-22 июль кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташаббуси билан "Имом Бухорийнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси" мавзусидаги илмий-амалий конференция бўлиб ўтади. Конференцияда бухорийшунос олимлар, ҳадисшунослик йўналишида фаолият юритаётган мутахассислар, дин арбоблари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этадилар. Бугун ушбу конференция ўз ишини бошлади.
Айтиш жоизки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар нафақат юртимиз, балки бутун ислом оламининг юксак эътирофига сазовор бўлмоқда.
Жаҳон ҳамжамияти томонидан Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи деб эътироф этилаётган ушбу даврда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган илмий-тадқиқот марказлари, жумладан, ЎзИЦМ нуфузли турдош хорижий марказлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантирмоқда, улар билан ҳамкорликда йирик илмий лойиҳаларни амалга оширмоқда. Ислом тамаддуни ривожига бебаҳо ҳисса қўшган мовароуннаҳрлик аллома мутафаккирларнинг бой илмий мероси халқаро даражада оммалаштрилмоқда.
'Имом Бухорийнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси" мавзусидаги илмий конференция мазкур фаолият доирасидаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди.
Конференция Самарқанд ва Тошкентда икки кун давом этади.
Жумладан, 2024 йил 20 июль куни Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари, Ҳадис илми мактаби ўқитувчилари ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллиги вакиллари иштирокида Имом Бухорий мажмуасида “Саҳиҳул Бухорий” асарининг хатми якунланди. Самарқанд вилояти нуронийлари ва фаолларининг Имом Бухорий мажмуаси ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига зиёрати ҳамда тушлик дастурхони ташкил этилди.
2024 йил, 22 июлда Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти биносининг конференциялар залида Ўзбекистон Республикаси ВМ ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси олимлари иштирокида конференциянинг якунловчи иккинчи куни бўлиб ўтади.
Анжуман доирасида Имом Бухорийнинг ўзбек тилига таржима қилинган асарлари ҳамда буюк муҳаддиснинг илмий меросини ўрганишга бағишланган китоблар кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазма иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Конференция якунида унинг натижалари, хулосалари ва тавсияларини ўзида мужассам этган таҳлилий ҳужжат қабул қилинди.