АсосийСиёсат

Шавкат Мирзиёевни давлатлар Президентлари табрикламоқда

Ўзбекистон Президентига Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Россия ва Хитой давлатлари етакчилари табрик йўллади

'Шавкат Мирзиёевни давлатлар Президентлари табрикламоқда'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга туғилган куни муносабати билан табриклар келмоқда. 

Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёев 24 июль куни Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.

Туркманистон миллий етакчиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий қутлаб, мустаҳкам соғлик ва фаровонлик, қардош Ўзбекистон халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади. 

Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотида Ўзбекистон-Тожикистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Тожикистон етакчиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик ва оилавий бахт-саодат, биродар Ўзбекистон халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Қирғизистон Президенти давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, мустаҳкам соғлик, Ўзбекистон Республикасига тинчлик-осойишталик, равнақ ва барқарор тараққиёт тилади.

"Сизни таваллуд кунингиз билан самимий муборакбод этаман. Президентлик фаолиятингиз билан юртдошларингиз ўртасида катта ҳурмат ва юксак халқаро обрў-эътиборга сазовор бўлдингиз. Сизнинг раҳбарлигингизда Ўзбекистон ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда салмоқли ютуқларга эришди, жаҳон майдонида ўз мавқеини мустаҳкамлади.

Давлатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини, барча йўналишларда самарали икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссангиз беқиёсдир. Россия ва Ўзбекистоннинг дўст халқлари фаровонлиги йўлида конструктив мулоқотни ва яқин ҳамкорликни давом эттиришдан мамнунман. Сизга чин дилдан мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, фаровонлик ва муваффақиятлар тилайман" - дея табрик йшллади Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин.

"Туғилган кунингиз муносабати билан Сизга энг самимий табрикларим ва энг эзгу тилакларимни изҳор этишга ижозат бергайсиз. Хитой-Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаман ва Сиз билан мустаҳкам дўстлигимизни қадрлайман. Сиз билан биргаликда барча соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш ва Хитой-Ўзбекистон муносабатларини янги босқичга олиб чиқиш бўйича саъй-ҳаракатларга тайёрман. Ишончим комил, Сизнинг раҳбарлигингизда "Ўзбекистон - 2030" стратегиясида белгиланган барча мақсадлар, албатта, ўз вақтида амалга оширилади", - дейилган Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин табригида.

Табриклар келишда давом этмоқда.

    Бошқа янгиликлар