Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева бешинчи бор ўтказилган “Заковат-Гамбит” шахмат турнири ғолибларини тақдирлади. Бу йилги мусобақада қарийб 6 минг нафар иштирокчи қатнашди. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан икки баробар кўп.
Саида Мирзиёева бу ҳақда ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Қайд этилишича, мусобақа иштирокчиларининг 633 нафарини хотин-қизлар ташкил этган.
“Бу рақамлар замирида интеллектуал беллашувларга бўлган қизиқишнинг ортиб бораётгани, илмга интилиш ҳамда ёшларимизнинг ўз кучи ва имкониятларига бўлган ишончи мужассам”, — деб ёзди у.
Шунингдек, Саида Мирзиёева Ўзбекистон халқаро шахмат майдонида эришиб келаётган натижалар билан бир қаторда, мамлакатда ҳар бир инсоннинг интеллектуал салоҳиятини намоён этиши учун имкониятлар яратилаётганини ҳам таъкидлади.
Унинг фикрича, “Заковат” лойиҳаси нафақат иқтидорли ёшларни кашф этиш, балки тафаккур маданияти, мустақил фикрлаш ва оқилона қарорлар қабул қилиш кўникмаларини шакллантиришга ҳам хизмат қилади.
“Зеро, юртимиз келажаги ёш авлоднинг нафақат қанчалик билимли эканига, балки шу билимларни қай даражада қўллай олиши ва фикр доирасига ҳам боғлиқ”, — дея қайд этган Президент Администрацияси раҳбари.






