Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммити доирасида "EKSIM Holding" компанияси бошқарув кенгаши раиси Эбубекир Тивниклини қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, хусусан, инвестициявий шерикликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Давлат раҳбари икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик барча йўналишларда изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Мулоқотда қайта тикланувчи энергетика, геология ва тоғ-кон саноати, инфратузилма, электромобиллар учун қувватлаш станцияларини ташкил этиш ҳамда озиқ-овқат саноати соҳаларидаги лойиҳаларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Ўзбекистонда янги электр узатиш тармоқларини барпо этиш ва геология соҳасидаги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.






