АсосийСиёсат

Шавкат Мирзиёев бир нечта давлат етакчилари билан телефон орқали мулоқот қилди

Ўзбекистон Президентига Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Туркия, Мўғулистон ҳамда Венгрия давлатлари етакчилари табрик йўллади.

'Шавкат Мирзиёев бир нечта давлат етакчилари билан телефон орқали мулоқот қилди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга туғилган куни муносабати билан табриклар келмоқда.  

Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёев 24 июль куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди.

Озарбайжон етакчиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий қутлаб, мустаҳкам соғлик ва масъулиятли давлатчилик фаолиятида янги муваффақиятлар тилади.

Ўзбекистон-Озарбайжон дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Иккинчи Ҳудудлар форуми, Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва қатор қўшма маданий тадбирларнинг самарали якунлари мамнуният билан қайд этилди.

Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко билан бўлиб ўтган телефон мулоқотида Беларусь раҳбари Ўзбекистон етакчисини таваллуд куни билан самимий табриклаб, мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва катта муваффақиятлар, кўп миллатли Ўзбекистон халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.

Жорий йил 7-9 февраль кунлари Беларусь Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувларни қабул қилинган "йўл харитаси" асосида амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев 24 июль куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.

Қозоғистон Президенти давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий қутлаб, қардош мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар бугунги стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига кўтарилишида Ўзбекистон етакчисининг улкан шахсий ҳиссаси борлигини таъкидлади.

Амалий ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Бўлажак олий даражадаги икки томонлама тадбирларга тайёргарлик кўриш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, жорий йил август ойида Остона шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган минтақа давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви ва "Марказий Осиё + Япония" саммитини ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.

"Таваллуд кунингиз билан чин қалбимдан муборакбод этиб, Сиз Жаноби Олийларига яқинларингиз билан биргаликда сиҳат-саломатлик ва осойишталикка тўла узоқ умр тилайман.

Муштарак тарихимиз ва чуқур илдиз отган ришталаримиздан куч олувчи муносабатларимиз Сиз Жаноби Олийларининг улкан ҳиссаси туфайли икки ва кўп томонлама шаклларда, жумладан, Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ҳам жадал ривожланаётгани бизга чексиз қувонч бағишлайди.

Ўтган ой Сиз билан биргаликда ўтказган Туркия-Ўзбекистон Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг III йиғилиши асносида юртимизга амалга оширган ташрифингиздан бағоят мамнун бўлдим. Дўстлик ва биродарликка таянган яқин муносабатларимиз келгусида ҳам барқарор равишда мустаҳкамланишда давом этишига бўлган ишончимни яна бир бора таъкидлашни истардим.

Фурсатдан фойдаланиб, Сиз Жаноби Олийларига сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, дўст ва биродар ўзбек халқига фаровонлик ва омонлик тилайман"–дейилади Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг табригида.

"Сизнинг узоқни кўзлаган ва доно раҳбарлигингиз туфайли Ўзбекистон Республикаси тараққий этаётгани, мамлакатингизнинг минтақадаги ва халқаро майдондаги обрў-эътибори тобора юксалиб бораётганини мамнуният билан таъкидламоқчиман.

Мен рафиқам билан бирга Сизнинг гўзал мамлакатингизга – улуғвор тоғлар ва зилол сувли дарёлар юртига давлат ташрифини амалга оширганимдан, Сиз Президент Жаноби Олийлари ва Зироатхон Мирзиёева Жаноби Олиялари билан самимий мулоқотдан ғоят мамнунман, бу икки мамлакат ўртасидаги тарихий, анъанавий ва дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Муҳтарам Президент жаноблари, Сиз ва рафиқангизни бой тарихимиз, бетакрор маданиятимиз ва кўчманчи халқимиз бешиги бўлган гўзал юртимизга ўзингизга қулай вақтда давлат ташрифи билан келишга яна бир бор таклиф этишдан ғоят мамнунман.

Халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик мустаҳкамланиб, Мўғулистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик доимо ривожланиб борсин.

Сизга ва бахтиёр оилангизга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва фаровонлик, Ўзбекистон халқига эса равнақ тилайман", дея Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух табриқ йўллади.

"Шушадаги сўнгги учрашувимизни илиқлик билан эслайман, унинг якунларини сарҳисоб қилар эканман, Ўзбекистон нафақат ишончли ҳамкор, балки мамлакатимизнинг самимий дўсти эканини қатъий таъкидлайман. Сиз билан очиқ ҳамкорлик туфайли кейинги йилларда Венгрия-Ўзбекистон муносабатлари янада кенгайиб, мисли кўрилмаган даражага кўтарилгани мени қувонтиради.

Жаноб Президент, муносабатларимизни мустаҳкамлашга содиқлигингиз учун ғоят миннатдорман. Сизни ишонтириб айтаманки, келгусида ҳам Сиз билан ҳамкорликда икки томонлама муносабатларда янги-янги ютуқларга эришиш учун барча зарур чораларни кўришда давом этаман.

Сизга мустаҳкам соғлиқ ва фаолиятингизда катта муваффақиятлар тилайман",– дейилади Венгрия Бош вазири Виктор Орбан йўллаган табрикда.

Бошқа янгиликлар