“Ўзбекистон овчи ва балиқчилар спорт бирлашмаси”нинг Андижон, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари бўлинмалари томонидан ов йўлланмаларининг тўлиқ қайтарилиши назоратга олинмагани маълум бўлди. Бу ҳақида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар бермоқда.
“Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддаси талабларига зид равишда, 20 та ҳолатда мазкур хўжалик томонидан сотилган рухсатнома асосида овчилар томонидан тақиқланган муддатларда 49 та ёввойи қуш овланган.
2023 йилдаги назорат тадбирларида Республика бўйича ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини бузиш билан боғлиқ жами 997 та ҳолат аниқланган ва 995 нафар шахсга нисбатан 1,7 млрд сўмлик чоралар кўрилган. Бундан ташқари, 2024 йилнинг ярим йиллигида ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини бузиш билан боғлиқ 287 та ҳолатда 298 нафар шахсга нисбатан 957 млн сўмлик жарима белгиланган.
Ушбу қонун бузилиши ҳолатлари бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга материаллар тақдим этилган бўлиб, бугунги кунда ҳуқуқий баҳо берилмоқда.