АсосийЖамият

Ярим тунда йигит шилқимлик қилгани учун, қиз эса йигитни ҳақорат қилгани учун жавобгарликка тортилди

Суд йигитга уч сутка қамоқ жазоси, қизга эса 1 миллион сўм жарима белгилади.

'Ярим тунда йигит шилқимлик қилгани учун, қиз эса йигитни ҳақорат қилгани учун жавобгарликка тортилди'ning rasmi

2024 йил 27 июнь куни тунги соат 00:30ларда фуқаро С. Ражабова ва Н. Абдуллаева кўчада, яъни жамоат жойида кетаётган вақтда фуқаро Қ. Бобомуродов ўз бошқарувидаги автомашинасида уларнинг йўлини тўсган. 

Икки йўловчига унинг автомобилига чиқишини айтиб, шилқимлик қилган. Икки йўловчи Қ. Бобомуродовга рад жавобини берса-да, ҳайдовчи шилқимлик қилишда давом этган. Шунда С. Ражабова Қ. Бобомуродовни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилиб, унга қарата уятли ҳаракат содир этган. 

Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати хабарига кўра, суд ҳар икки фуқаронинг ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик аломатлари бор, деб ҳисоблаб, фуқаро Қ. Бобомуродовни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 41-1-моддаси билан айбдор, деб топган. Шу тариқа унга нисбатан 3 (уч) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлаш лозим, деган тўхтамга келган. 

Фуқаро С. Ражабовани ушбу Кодекснинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган, деб топиб, унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 (уч) баравари миқдорида яъни 1.020.000 (бир миллион йигирма минг) сўм жарима жазоси тайинланган.

Мазкур қарор устидан ҳуқуқбузар Қ. Бобомуродов ҳамда С. Ражабова томонидан апелляция ёки кассация шикояти келиб тушмаганлиги маълум қилинади


    Бошқа янгиликлар