Ўзбекистонда кузатилаётган аномал иссиқ об-ҳаво шароитида электр энергиясига бўлган талаб ҳафта давомида 16,5 млн кВт•соат ёки ўртача 7,1 фоиз ошганлиги кузатилди. Хусусан, 25- ва 26-июль кунлари энерготизим бўйича мутлақ тарихий рекорд кўрсаткичлар янгиланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.
Жумладан, 25 июль куни соат 15:47 да ҳаво ҳарорати +39,7 даражада (Тошкент шаҳрида) Ўзбекистон энерготизимида истеъмол қуввати 11 822 МВтни ташкил қилди.
Мазкур кўрсаткич ёз даври учун тарихдаги абсолют рекорд бўлиб, 2023 йил 28 июлда (+40 даража) қайд этилган энг юқори истеъмолга нисбатан 343 МВт кўп бўлди.
Шунингдек, 26 июль куни ёзги максимал суткалик электр энергияси истеъмоли 253,3 млн кВт•соатни ташкил этиб, 2023 йил 28 июль кунги ёзги максимал истеъмолдан 0,9 млн кВт•соат кўп бўлди.
Таъкидланишича,, айни пайтда кундузги соатларда энерготизимда жами 1300 МВт захира қувватлари мавжуд бўлиб, энерготизим истеъмол талабининг қарийб 1900 МВт қисми ёки 16 фоизи қуёш фотоэлектр станциялари ҳисобидан қопланмоқда. Натижада соатига 590 минг куб метр газ иқтисод қилинишига эришиляпти.






