Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги трансформатор пунктида таъмирлаш ишлари вақтида ёнғин содир бўлди. Оқибатда икки киши турли даражадаги куйиш жароҳатларини олди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва "Тошкент шаҳар электр тармоқлари" маълум қилди.
27 октябрь куни ижтимоий тармоқларда кўчада бир киши ёниб кетаётгани ва атрофдагилар унинг кийимидаги оловни ўчиришга уринаётгани акс этган видео тарқалди.
Маълум бўлишича, ҳодиса Нукус кўчасида жойлашган "Parkwood" турар жой мажмуасидаги трансформатор пунктида юз берган.
"Тошкент шаҳар электр тармоқлари" маълумотига кўра, дастлабки тахминларга асосан, ёнғин трансформаторда таъмирлаш ишлари олиб борилаётган вақтда фазалараро қисқа туташув натижасида келиб чиққан.
Қайд этилишича, мазкур трансформатор пункти "Ҳудудий электр тармоқлари" акциядорлик жамиятининг Тошкент шаҳар ҳудудий филиали балансида турмайди. Таъмирлаш ишлари истеъмолчига хизмат кўрсатувчи хусусий корхона ходимлари томонидан амалга оширилган. Видеода акс этган шахс эса туман электр корхонаси ходими эмас.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабарига кўра, ҳодиса оқибатида икки киши турли даражадаги куйиш жароҳатларини олган. Уларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.






